Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда тадбиркорга нотўғри ҳисобланган 516 миллион сўмлик солиқ ва жарима бекор қилинди
11:38 / 2026-02-12

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўъбасига “К.Т.И.” МЧЖ раҳбари томонидан солиқ органи ўтказган текширув натижаларидан норозилик билдириб мурожаат қилинди.

Мурожаат асосида ўтказилган ўрганиш давомида Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан жамият фаолиятида ўтказилган солиқ аудитида қонун талабларига риоя этилмагани аниқланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ–374-сон қарори билан тасдиқланган “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари қўпол равишда бузилган.

Қайд этилишича, солиқ аудити якунига кўра жамиятга 430 миллион 519 минг 200 сўм миқдорида қўшимча солиқ ҳисобланган ҳамда 86 миллион 103 минг 840 сўм молиявий жарима қўлланилган. Бироқ ўрганиш жараёнида мазкур ҳисоб-китоблар нотўғри амалга оширилгани маълум бўлди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, шунингдек, қонунга хилоф равишда текширув ташаббуси билан чиқиш ёки уни ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, давлат солиқ бош инспектори Ш.Қ.га нисбатан Вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўъбаси томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланиши натижасида Қарши туманлараро маъмурий судининг 2026 йил 15 январдаги ҳал қилув қарори билан солиқ органининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Шу тариқа тадбиркорга нотўғри ҳисобланган жами 516 миллион сўмдан ортиқ солиқ ва жарима бекор қилинди.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ҳолат тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор кўрсатди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири