French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда спорт соҳаси бўйича жорий йилги режалар муҳокама қилинди
10:58 / 2025-01-28

Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти сўнгги кунларда мамлакатимиз бўйлаб спортни янада оммалаштириш борасида самарали ишлар олиб бормоқда.

Жумладан, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида хизмат сафарида бўлди.

Ташриф давомида расмийлар томонидан спортнинг бир қатор йўналишларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Жумладан, мутасаддиларнинг дастлабки манзили Қарши Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази бўлди. Расмийлар ўқувчиларни қишки аттестациядан ўтказишнинг якуний натижалари ва уларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси билан танишди. Ўқувчиларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

Сафар давомида вилоят спорт бошқармасининг фаолияти ҳам ўрганилди. Қайд этиш жоиз, ишчи гуруҳ Адаптив спорт турлари ассоциацияси ҳамда федерацияларнинг ҳудудий вакиллари билан мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёшлар учун янада қулайликлар яратиш борасида мунтазам фикр алмашиб боради. Суҳбат давомида вилоят спорт бошқармасининг 2025 йил учун режалари, жумладан, қуриладиган янги объектлар лойиҳаси кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ғузор туманидаги спорт мактаби ҳамда миллий ва олимпия спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳам кўздан кечирилди. Режага кўра, мактаб-интернатлари келгусида Президент қарори билан Олий спорт маҳорати мактабига айлантирилиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати.

Шундан келиб чиққан ҳолда муассасадаги ўқувчиларнинг қишки аттестация натижалари ва янги тизимга ўтиш жараёни таҳлил қилинди. Қолаверса, расмийлар мактаб-интернатининг ҳовлисига кўчат экиб, унинг келгусида янада чирой очишига ҳисса қўшди.

Ишчи гуруҳ сафар давомида вилоят футбол академияси ҳамда гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг фаолияти билан ҳам танишди. Шунингдек, Қарши шаҳридаги енгил атлетика майдони, аралаш жанг санъати турлари, дзюдо ва бокс залларини ҳам кўздан кечириб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА