Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда сел-тошқин мавсумига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди
11:21 / 2026-02-21

Қашқадарё вилоятида 2026 йилда сел-тошқин ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳоли ҳамда ҳудудларни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармаси, Гидрометеорология хизмати ҳамда Хавфли геологик жараёнларни кузатиш хизмати вакиллари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Маълум қилинганидек, ишчи гуруҳлар томонидан гидрографик тамойил асосида сел, тошқин ва кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудлар ўрганиб чиқилиб, хавфли зоналарда 160 та хўжаликда 744 нафар фуқаро истиқомат қилаётгани аниқланди.

Аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туман ҳокимликлари ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 30 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилиб, 76,7 минг куб метр тупроқ, 141,5 минг куб метр қум-шағал ва 23,8 минг куб метр бетон ишлари бажарилди. Шунингдек, 111 километрдан ортиқ ички ариқ ва магистрал каналлар тозаланди.

Кўрилган муҳандислик муҳофаза тадбирлари натижасида вилоятда 82 та хўжаликда яшовчи 331 нафар фуқаро ҳамда 2 та ижтимоий соҳа объекти сел-тошқин сувларидан тўлиқ муҳофаза қилинди. 2025 йилда эса йиғма манзилли дастур асосида 6 та сув объекти учун 9 миллиард 250 миллион сўм маблағ ажратилган.

Анжуманда 2026 йил учун режалаштирилган устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни аэрoвизуал ўрганиш ишлари давом эттирилади, шунингдек, Деҳқонобод, Ғузор, Қамаши, Чироқчи, Кўкдала, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 24 соатлик “Тезкор штаб”лар ташкил этилади.

[gallery-27789]

Мавсум давомида хавфли ҳудудларга киришни чеклаш мақсадида 18 та назорат-кузатув пости фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган. Қайд этилишича, 2026 йилги йиғма манзилли дастур доирасида 14 та объектда амалга ошириладиган ишлар натижасида 116 та хўжаликда яшовчи 415 нафар фуқаро сел-тошқин хавфидан муҳофаза қилинади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА