Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
15:46 / 2023-10-12

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали ҳудудларда энергия тақчиллигини қоплаш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Бу борада Қашқадарё вилоятида 584 та объектда 11,6 МВт қувватли қуёш панеллари ҳамда 62 минг литр сув иситиш учун мўлжалланган гелиоколлекторлар ўрнатилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларига ўрнатилиши лозим бўлган қуввати 38,7 МВт қуёш панелларидан амалда 833 та объектда қуввати 8,7 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган.

Ушбу маълумотлар Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган эшитувда қайд этилди. Унда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида Қашқадарё вилояти мисолида ўрганиш якунлари юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Эшитувда қайд этилганидек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида Қашқадарё вилоятида қатор ишлар амалга оширилган. Вилоятдаги 733 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат ташкилотларида қуввати 7,4 МВт қуёш панеллари, 8,3 минг литр сув иситиш учун мўлжалланган гелиоколлекторлар ўрнатиш белгиланган. Ҳудудда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари камлиги, шунингдек, йилдан-йилга истеъмолнинг ўртача 10 фоизга ортиб бориши оқибатида куз-қиш даврида 291 миллион кВт.соат электр энергияси ва 45 миллион куб метр табиий газ дефицити кутилмоқда.

[gallery-13976]

Халқ вакиллари вилоятдаги ўрганишлари мобайнида хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари иншоотларига ўрнатилган қайта тикланувчи манбалари қурилмаларининг ҳолати билан яқиндан танишди. Депутатлар ўрганиш якунларидан келиб чиқиб фикр билдирар экан, ушбу йўналишдаги ишларда айрим камчиликлар борлиги, кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш борасида белгиланган кўрсаткичларни бажариш зарурлиги, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш лозимлигини қайд этди.

Қўмиталар вакиллари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш борасида устувор мақсад-вазифалар ўз аксини топгани, келгусида ушбу вазифалар ижроси доирасида соҳадаги ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Муҳтарама Комилова, 
Отабек Мирсоатов (сурат), 
ЎзА