Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда қадимий қишлоқ харобалари топилди
16:27 / 2023-08-22

Самарқанд археология институти иккинчи босқич доктаранти Дилмурод Омонов бошчилигидаги илмий экспедиция аъзолари Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Хўжа Рушноий қабристонининг орқа томонида қазишма ишларини олиб борди ва XIV асрга оид қадимий қишлоқ харобаларини топди.

Ушбу хабарни эшитганимиз ҳамон ўша манзилга отландик. Катта йўлдан ўнгга бурилгач қум барханларига тўла бийдай чўл бизни қарши олади. Аммо чўл арчаси аталмиш ям-яшил саксовулзорлар борлиққа ажойиб ҳусн бағишлаган. 

Катта йўлдан 2-3 дақиқалик масофани босиб ўтгач манзилга етдик. Экспедиция раҳбари Дилмурод Омонов бизни қарши олди. Икки учта тепаликда археологлар қазиш ишларини олиб бораётган экан. Иш қизғин. Атрофда пастқам тепаликлар кўп. Ёш археологнинг таъкидлашича, уларнинг ҳар бири битта хонадон бўлган. Юртимизда тарихий манзиллар жуда кўп, аммо қадимий қишлоқ харобалари ҳозирча ягона, айнан биз турган манзил экан.  

[gallery-13212]

– Ушбу манзилдан топилган осори-атиқалар обиданинг 13-аср охири ва 14-асрга тааллуқли эканлигини кўрсатиб турибди, – дейди археолог Д.Омонов. – Бу эса Ўрта Осиёда чиғатойлар ҳукмронлигининг тугаши ва темурийлар даврининг бошланишига тўғри келади. Чунки қазишма ишлари давомида топилган темурийлар даврига хос тангалар шундан дарак бериб турибди. Ўлкамизда кўплаб археологик манзиллар бор, аммо қадимий қишлоқ харобаси илк бор шу ердан, Қашқадарёдан топилди. Бундан ташқари, ҳунармандчилик устахонаси, қаламдон ва кўплаб сопол буюмлар ҳам топилдики, улар бу манзилда яшаган одамларнинг зиёли ва ҳунарманд бўлганидан дарак беради.    

Эътибор қилиб қаралса тўхтаган манзилимиз Қарши-Бухоро магистрал йўлидан унча узоқ бўлмаган масофада жойлашган. Ажабмас қадимда ҳам ушбу ҳудуддан Бухородан Қаршига қараб ҳаракатланган карвон йўллари ўтган бўлса.  

 – Қазишмалар вақтида хонадонларда “дашнов”лар яъни махсус ювиниш жойлари ҳам топилди, – дейди Самарқанд археология институти илмий ходими Санжар Абдураҳимов. – Улар юксак маҳорат билан хона полидан 70-80 сантиметр баландликда, хонанинг бурчагида қурилган. Устига 22х22 ўлчамли, қалинлиги 3,5-4 сантиметрли пишган ғишт ёнма-ён терилган, ҳозирги замонавий кафеллар каби. Остига сопол қувурлар ўрнатилиб, суви ташқарига чиқиб кетадиган қилинган. Ҳозиргача улар яхши сақланиб қолган экан. Ҳозирча биз 3-4 та манзилни очдик. Уларнинг асосий қисми лой гуваладан ясалган яшаш хонадонлари бўлган. Ўчоқ, уй ичидаги супалар, дашновлар шунга ишора қилади. Қишлоқнинг умумий майдони 600х400 метрни ташкил қилади.  

Экспедиция аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қишлоқ қадимда гуллаб яшнаган манзил бўлган. Бу ерда карвонсаройлар қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Боиси ушбу тарихий манзилдан унча узоқ бўлмаган масофада қадимий Занжирсарой шаҳар харобалари ҳам жойлашган. Қанча муддат бу ерда одамлар яшагани маълум эмас, лекин қишлоқни душманлар томонидан бостирилиши ва ўт қўйилиши оқибатида бу ерда ҳаёт тўхтаган. Чунки қазиш ишлари вақтида икки-уч қатлам кул қолдиқлари ва ёғочга қадалиб қолган камон ўқи учлари топилган.  

Тарихнинг биз билмаган сир-асрорлари жуда кўп. Уларни очиқлаш ва аждодларимизнинг ўтмишидан хабардор бўлиш ва келажак авлодга етказиш азалий бурчимиздир. Ўлкамизнинг ҳали ўрганилмаган обидалари кўп. Бу йўлда иссиқни-иссиқ, совуқни-совуқ демай фидойилик билан меҳнат қилаётган археологлар ишига муваффақият тилаймиз.  

 

Ўлмас Баротов,  

Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.