French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда оилавий меҳмон уйлари янада кўпаяди
19:01 / 2021-02-12

Туризм йўналишидаги тадбиркорлар учун берилган имтиёз ва енгилликлар ушбу қийин даврда уларнинг фаолиятини сақлаб қолиш ва аста-секинлик билан ривожлантириш имконини берди.

Қашқадарё вилояти ўзининг эко, этно, экстеримал, зиёрат ва бошқа бир қатор туризм йўналишлари билан маҳаллий, хорижий сайёҳларнинг доимий эътиборини тортиб келмоқда. Гарчи пандемия даврида воҳага сайёҳлар оқими кескин камайган бўлса-да, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан қисқа вақт ичида соҳа ўзини тиклади.

Туризм йўналишидаги тадбиркорлар учун берилган имтиёз ва енгилликлар ушбу қийин даврда уларнинг фаолиятини сақлаб қолиш ва аста-секинлик билан ривожлантириш имконини берди.

Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса олдимизда турган яна бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди. Вилоятда туристик инфратузилмани янада ривожлантириш, янги туризм масканларини бунёд этиш, воҳанинг мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда янги, қизиқарли тур йўналишларини ишлаб чиқиш, зиёрат туризми объектлари тарғиботини тизимли ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорлар билан бирга ишлаш орқали ички туризмни янада ривожлантириш яқин келажакдаги асосий вазифалардандир.  

Ўтган 2020 йил давомида вилоят ҳокимлиги ва туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Одина мажмуаси бутунлай замонавий қиёфа касб этди. Тарихда вилоятдаги илк олима аёлларга таҳсил берган Одина мажмуаси ҳудуди ободонлаштирилиб, ҳунармандлар марказига асос солинди. Вилоятнинг Ислом Каримов ва Насаф кўчалари туташган қисмида “Туризм кўчаси”ни ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

Вилоят зиёрат туризмининг энг муҳим объектларидан бири – ҳудудда сақланган “Катта Лангар Қуръони” билан хорижда ҳам машҳур Қамаши туманидаги Лангар Ота зиёратгоҳига олиб борувчи йўллар таъмирланиб, зиёратгоҳ ҳудуди тўлиқ ободонлаштирилди.  

Шаҳрисабз туманидаги Ғилон ва Кўл қишлоқларини “туризм қишлоғи”га айлантириш орқали вилоятнинг тоғли ҳудудларида ҳам туризм хизматларини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, сайёҳларни узоқроқ муддатларга олиб қолиш орқали монетизацияни яхшилаш кўзда тутилган. Бундан ташқари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги Шаҳрисабз туризм ва сервис коллежи маъмурияти Испания ва Ҳиндистондаги олийгоҳлар билан турли жабҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.  

Биз эътибор қаратаётган муҳим вазифалардан яна бири, вилоятнинг туристлар билан гавжум ҳудудларида оилавий меҳмон уйлари сонини кўпайтиришдир. Шу орқали пандемиядан сўнг вилоятга ташриф буюрадиган хорижий ва маҳаллий туристлар оқимига қулай имкониятлар яратилади. Айни пайтда Қашқадарёда 47 та меҳмонхона, 68 та меҳмон уйлари, 6 та хостеллар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Улар бир кунда уч минг нафардан ортиқ туристни қабул қилиш имкониятига эга.

Нўъмон Райимқулов,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи  

Ж.Норқобилов (сурат)