Президентимиз ташаббуси билан бу йил эҳтиёжманд оилалардаги оғир беморларни қўллаб-қувватлаш, уларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Қашқадарё вилоятида муборак Рамазон ойи муносабати билан оғир аҳволдаги, жарроҳлик амалиётларига муҳтож беморларга ваучерлар топшириш ҳамда уларни тиббиёт муассасаларига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.


Жумладан, Қарши шаҳрининг Буюк Турон маҳалласида яшовчи 56 ёшли Клара Орифовага ҳам давлат томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Унга “инфекцион-аллергик миокардитнинг оғир кечиши” ташхиси қўйилиб, даволаниш учун Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига ётқизилди.


Шунингдек, 13 ёшли Азизбек Саъдуллаевга ҳам даволаниш учун ваучер ажратилди. У Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг ЛОР бўлимига ётқизилди. Шифокорлар томонидан унга “аденоидлар вегетацияси 2-3 даража, вазомотор ринит” ташхиси қўйилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши белгиланди.


Таъкидлаш жоизки, Рамазон ойида амалга оширилаётган мазкур хайрли ташаббус эҳтиёжманд беморларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда жамиятда меҳр-саховат ва инсон қадрини улуғлаш тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири