Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Қарши гарнизонида йигитлик бурчини адо этаётган муддатли ҳарбий хизматчилар Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун бериладиган тавсияномалар учун тест синовларини топширди.
Айтиш жоизки тавсияномалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомни намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.
– Мен келажакда ҳарбий учувчи бўлишни ният қилганман, – дейди паркентлик оддий аскар Бахтбек Қосимбеков. – Бунинг учун муддатли ҳарбий хизматни тамомлагач Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кирмоқчиман ва бунда тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, қўлга киритган тавсияномам муҳим аҳамият касб этади.
Маълумотларга кўра, муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 та бўлиб, уларнинг 40 таси – жанговар тайёргарлик, 20 таси – маънавий-маърифий тайёргарлик, 10 таси – математика фани, 10 таси – физика фани бўйича тест саволларидан, шунингдек қолган 20 таси – мантиқий тест саволларидан иборат бўлади. Ҳар бир тўғри жавоб учун: жанговар тайёргарлик бўйича – 1,2 балл, маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича – 1,1 балл, математика бўйича – 1 балл, физика бўйича – 1 балл, мантиқий саволлар бўйича – 1 балл берилади.
[gallery-5561]
– Жорий йилги муддатли ҳарбий хизматчилар учун давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларига Қашқадарёда ҳам старт берилди, – дейди давлат тест маркази Қашқадарё вилоят бўлими бошиғи Анвар Ўткиров. – Ушбу жараёнда вилоятда фаолият юритаётган ҳарбий қисмлардан жами 1 минг 485 нафар муддатли ҳарбий хизматчилар тест синовларидан ўтказилиши белгиланган. Синов жараёнларини юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятлар яратилган. Хусусан, тест топшириладиган хоналар кенг ва ёруғ, камералар ўрнатилган. Иссиқлик тизими таъминланган. Тест синови жараёнлари тўлиқ карантин талабларига амал қилган ҳолда ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Президентимиз қарори билан таъсис этилган ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси муддатли ҳарбий хизматчилар – эртамиз давомчилари бўлган ёшлар қалбида Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат бурчини шараф билан ўташга, армия мактабида қатъий ирода ва характер, фаол ҳаётий позицияни шакллантиришга, юксак инсоний фазилатларга эга бўлишга, ҳарбийликдек шарафли касбга бўлган қизиқиш ва ҳавасни янада оширишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.