Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов бир қатор долзарб масалаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда маълум қилди. Йиғилишда бюджет, ижтимоий соҳалар, маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари ҳамда етакчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари ўртага ташланди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, корхона ва ташкилотларда соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугундан вилоятда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қилмоқчиман, – деди вилоят ҳокими М.Азимов. – Барча ташкилотлар бу иснод, ишхонамизнинг шаънига тўғри келмайди, деб яшириб ўтиришни йиғиштиради. Ташкилот ёки ҳокимлик шаънини эмас, давлатимиз шаъни ва тараққиётини ўйласак, яхши бўлар эди.
Мана Миришкор тумани ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари бўйича ҳокимликдан кетган бўлсада, фуқаронинг ишончига кириб, 80 минг АҚШ долларининг 50 мингини олаётганда қўлга тушган. Бу ишда туман ҳокимини ҳам оқламайман. Ижтимоий тармоқларни ўқидингизми Ш.Санаев «балиқ бошидан» деган гаплар чиқяпти.
Афсуски, бу гапларда жон бор. Миришкорга борганимда нуронийлар йўлимга чиқиб туман марказига ичимлик сув олиб келинг, деганди. Шу ишлар билан шуғулланмасдан фақат ўзини ўйлайдиган, тез бойишни ўйлайдиган жамоа йиғилганми ҳокимликда? Президентимиз бот-бот «афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди», дея таъкидлайди. Президентимиз топшириқлари ижроси бажармаган, эътиборсиз қараган ҳар қандай раҳбар вазифасидан озод этилади.
Маълумот ўрнида куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари бир фуқарога ер масаласини ҳал қилиб бериш масаласида пора билан қўлга тушгани хусусидаги хабарлар тарқалган эди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.