Ёшлар ўртасида “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш” мақсадида “Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун!” шиори остидаги Республика “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақаси Қашқадарё вилоятининг туман ва шаҳарларида юқори савияда ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу спорт мусобақаси ўз атрофига минглаб спортсевар ёшларни жамлади. Буни мусобақанинг биргина Қашқадарё вилоятининг туман ва шаҳар босқичлари минглаб ёшларнинг иштирок этганидан ҳам англаш мумкин.
Хусусан, мусобақанинг Қарши шаҳар босқичи ҳам юқори савияда ташкил этилди. Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юртида бўлиб ўтган мусобақада шаҳарда жойлашган профессионал таълим муассасалари ўқувчиларидан иборат 8 нафардан иштирокчини ўзига жамлаган 6 та жамоа қатнашди.
Жамоалар 5 та яъни тезкор савол-жавоб, “АКМ (автомат Калашников)” автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, турникда тортилиш, эстафета югуриш ҳамда пневматик қуролдан ўқ отиш шартлари бўйича баҳслашди.
Баҳсларга бой бўлган лойиҳадан асосий мақсад ёзги таътилда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларда ватанпарварлик ҳиссини ошириб соғлом ёш авлодни шакллантиришдир.
[gallery-13028]
Муросасиз кечган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 1-ўринни Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти академик лицейи жамоаси қўлга киритиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўлланма олди. 2-ўрин Ички ишлар вазирлигига қарашли Қарши академик лицейи ёшларига, 3-ўрин эса Қарши давлат университети академик лицей жамоасига насиб этди.
Ғолиб жамоалар ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.