Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида “Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур” дейди. Жадид боболаримизнинг илму маърифат хусусидаги бу каби фикрлари ва чақириқлари бисёр.
Бугун етишиб келаётган, иқтидорли ва салоҳиятли авлод қайсидир маънода уларнинг илму маърифат бобидаги ушалмаган орзу армонларини рўёбга чиқармоқда. Қобилиятларини намойиш этиб, ютуқларга эришиб, мамлакат байроғини юксакларга кўтармоқда.
“Жадидлар изидан” республика танловининг Қашқадарё вилоят босқичи иштирокчиларининг чиқишлари ва ўз иқтидорлари намойиши ҳам юқоридаги фикрларимизни яна бир бор исботлади. Буни танловда иштирок этиш истагини билдирган ўқувчилар сонининг ўтган йилга нисбатан икки ҳисса ошганидан ҳам англаш мумкин. Маълумотларга кўра, жорий мавсумда танловнинг қуйи босқичларида иштирок этиш учун 40 минг нафардан зиёд ўқувчи онлайн платформа орқали рўйхатдан ўтган. Ўтган йили бу кўрсаткич 24 минг нафардан ошиқроқ бўлган.
– Жадид боболаримиз ижоди ва фаолияти билан танишар эканман, уларни қайтадан кашф этдим, – дейди Нишон туманидаги 18-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Илҳом Тўлқинов. – Битта мисол, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Тараққий” газетасининг 1906 йил 14 июндаги сонида чоп этилган “Бизни жаҳолат – жаҳли мураккаб” сарлавҳали мақоласини ўқиб жуда таъсирландим. Унда ўша давр ёшларининг эскича таълим олаётгани, дунёвий билимлардан бебаҳра қолаётгани, ҳатто уларни ўқитаётган муаллимларнингда салоҳияти ҳаминқадар эканлиги ҳақида куюнчаклик билан фикр билдирилган. Болаларни ўқитишни тизимга солиш, диний илмлар билан бирга дунёвий билимлар берилиши, уларнинг хат саводини чиқаришда янгича усуллардан фойдаланиш лозимлиги таъкидланиб, барчани маърифатга чорланган. Бугун танловнинг вилоят босқичида иштирок этяпман. Насиб этса, юқори балларни қўлга киритиб, республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишни мақсад қилганман.
Бугун танловнинг вилоят босқичига старт берилди. Танловнинг туман, шаҳар босқичида иккита ёш тоифасида ғолиб бўлган жами 32 нафар ўқувчи танловнинг вилоят босқичида 3 та шарт асосида беллашди. Ғолиб бўлган икки нафар ўқувчи танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
[gallery-26235]
Таъкидлаш лозимки, давлат раҳбарининг 2024 йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида “Жадидлар изидан” танловини телекўрсатув шаклида юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича берган топшириқларига асосан Республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан сентябрь-декабрь ойлари давомида уч босқичли “Жадидлар изидан” республика танловини ўтказиш эълон қилинди.
Маълумот ўрнида, 2024 йилда ўтказилган “Жадидлар изидан” танловининг Республика босқичида Қашқадарё вилояти Китоб тумани 4-мактаб ўқувчиси Жасмина Азимова Тўлқин қизи фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Германия таълим саёҳатида бўлиб қайтганди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари