Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда ихтисослаштирилган мактаблар сони ортмоқда
20:35 / 2022-09-06

Таълимга қаратилган эътибор кун келиб ўз самарасини беради. Шу боис мамлакатимизда таълим соҳасида бир қатор қонун ҳужжатлари соҳага изчил татбиқ этилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, таълим жараёнига малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгилаб берилди. Таъкидлаш жоизки, шу кунчага Қашқадарё вилоятида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида иккита мактаб мавжуд эди, яъни Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ва Қарши шаҳридаги Президент мактаби. Энди эса уларнинг сони янада ортмоқда.

- Фармонга асосан Республикамиз бўйича жами 168 та, шундан Қашқадарё вилоятида 2022-2023 ўқув йилида 2 та ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва 10 та ихтисослаштирилган мактаб очилмоқда, - дейди Президент таълим муассасалари агентлигининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Убайдулла Орипов. – Бундан ташқари 2023 йил 1 июнга қадар Қамаши туманидаги “Меҳрибонлик уйи” Қамаши туман ихтисослаштирилган мактабига айлантирилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, 2022-2024 йилларда вилоятда яна 2 та ихтисослаштирилган мактаб-интернати қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, 2023 йилда Қарши шаҳрида қурилиши кўзда тутилган, лойиҳавий қуввати 504 ўринли янги ихтисослаштирилган мактаб-интернати Инвестиция дастурига киритилган. Вилоятда янги очилаётган 12 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида фаолият юритиш истагини билдирган педагоглар томонидан “jop.piima.uz” сайти орқали 2 минг 114 та ариза онлайн қабул қилинган бўлиб, улар 3 босқичли – ҳужжатлар қабули, тест ва имтиҳон жараёнларидан ўтди. Мазкур босқичларда энг юқори кўрсаткичга эга бўлган педагог-ходимлар янги очилаётган 12 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида ишга тавсия этилди.

Айни кунларда юқорида айтиб ўтилган ҳудудлардаги ихтисослаштирилган мактаблар бирин-кетин фаолият бошламоқда. Хусусан, Касби туманидаги 11-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабга айлантирилгани ҳудуддаги иқтидорли ўқувчилар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Замон талаблари асосида капитал таъмирланган билим даргоҳида ўқувчиларнинг фанларни чуқур узлаштириши ва чет тилларини мукаммал ўрганишлари учун барча шарт-шароит яратилди. Билим даргоҳида ишлаш истагидаги ўқитувчилар 3 босқичли танлов асосида саралаб олинди.

- Президент таълим муассасаларида ўқишни доим орзу қилганман, - дейди туманнинг Комилон маҳалласилик 8-синф ўқувчиси Феруза Гулмуродова. – Ниҳоят орзуйимга етдим. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, аниқ фанлар йўналишига қабул қилиндим. Келажакда молия вазири бўлишни мақсад қилганман. Бу ерда биз, ўқувчилар учун яратилган шароитлардан мамнунмиз. Юртбошимизнинг биз каби ёшларга билдирган ишончларини албатта оқлаймиз.

[gallery-8673]

Таъкидлаш лозимки, ихтисослаштирилган мактабга кириш учун 5-синфдан 11- синфгача бўлган 2 минг 400 нафар ўқувчи ҳужжат топшириб, тест синовларида иштирок этди. Уларнинг 432 нафари ушбу мактабда ўқиш имкониятини қўлга киритди. Аниқ ва табиий фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган мактабда ҳар жиҳатдан рақобатбардош, кенг дунёқараш ва мустақил фикрга эга ёшларни тарбиялаш учун ўзига хос таълим муҳити яратилди. Замонавий бино, ўқув жиҳозлари, кўргазмали воситалар, физика, кимё фанлари учун лабораториялар ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун йўналтирилган.

Шу куни вилоятнинг Яккабоғ туманида ҳам Президент таълим муассасалари агентлиги тассурифидаги ихтисослаштирилган мактаб фаолият бошлади.

Ушбу билим даргоҳи ҳам замонавий андозалар асосида қайта таъмирланиб, синфхоналар 12 нафардан 24 нафаргача бўлган ўқувчига мослаштириб, жиҳозланди. Тест синовлари орқали 2 минг 652 талабгордан 432 нафар иқтидорли ўқувчи танлаб олинди. Аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабга 32 нафар тажрибали ўқитувчи танлов асосида ишга қабул қилинди.

- Икки нафар фарзандим синовлардан ижобий натижаларни қўлга киритиб шу мактабга қабул қилинди, - дейди Мухлиса Қурбонова. - Бугун фарзандларимиз таълим оладиган даргоҳда яратилган шарт-шароитларни кўриб жуда қувондик. Ота-она учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Улар эртага мамлакатимиз келажаги учун астойдил хизмат қиладиган етук кадрлар бўлиб етишади, деб умид қиламиз.

Айтиш жоизки, ихтисослашган мактаблар ўқувчилари тўлиқ дасрликлар билан таъминланган. Бундан ташқари ушбу билим даргоҳларида сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IT соҳалари бўйича қўшимча курслар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, асосий ўқув дастурлари билан биргаликда синфдан ташқари касбга йўналтирилган амалий машғулотлар олиб борилади.

Маълумот ўрнида, бугунга қадар Қашқадарё вилоятидаги Президент таълим муассасалари агентлиги тассурифидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг 5 таси очилди ва тантанали очилиш маросимларида Агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Дилшод Кенжаев иштирок этмоқда.

Мактабларнинг тантанали очилишига бағишланган тадбирлар давом этяпти.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА