Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда инклюзив таълим ва ижтимоий ҳимоя қамрови кенгаймоқда
12:25 / 2026-02-13

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, имконияти чекланган болалар учун тенг таълим шароитларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга ошириб келинмоқда.

Қашқадарё вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар натижасида инклюзив таълим муассасалари сони сезиларли даражада ортди. Хусусан, бир йил муқаддам 47 та мактабда 106 нафар ўқувчи инклюзив таълим билан қамраб олинган бўлса, бугунги кунда бундай мактаблар сони 167 тага, ўқувчилар сони эса 578 нафарга етди. Бу кўрсаткичлар соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самарасини намоён этмоқда.

Нишон туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабида ҳам инклюзив синфлар фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур таълим муассасасида имконияти чекланган ўқувчилар учун махсус жиҳозланган коррекцион хона ташкил этилган бўлиб, дефектолог-ўқитувчи томонидан улар билан якка тартибда машғулотлар олиб борилмоқда. Бу эса болаларнинг билим олиши ва ижтимоий мослашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, маҳалла ижтимоий ходимлари ва таълим муассасалари ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўшимча таълим ва тўгаракларга жалб этиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, 67 нафар ўқувчи инглиз тили, математика ҳамда шахмат-шашка тўгаракларига қамраб олинган.

Мутахассислар таъкидлашича, ижтимоий ҳимоя ва инклюзив таълим тизимини кенгайтириш орқали ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири