Бугун юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ўқувчилари, шунингдек, ҳудудлардаги ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда санъат асарларининг инклюзив аукцион савдоси ўтказилди.


Аукцион давомида 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар савдога қўйилди. Якуний натижаларга кўра, жами 93,5 миллион сўмлик маҳсулотлар сотилиб, бу маблағлар тўғридан-тўғри уларнинг муаллифларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.


Мазкур тадбир ногиронлиги бўлган шахсларнинг иқтидор ва салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён этиш, уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш ҳамда қўшимча даромад манбаига эга бўлишлари учун амалий имконият яратгани билан аҳамиятли бўлди.


Таъкидланганидек, вилоятда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай инклюзив тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Тадбирда вилоят ҳоким М.Азимов иштирок этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири