Улар жами 8 минг 310 тонна маҳсулотни биржа савдоларига чиқармасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотган. Шунингдек...
Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи кластерлар фаолияти устидан назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда. Бу билан биржа савдоларида нархларни сунъий оширишнинг олдини олиш мақсад қилинган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар давомида, “Чироқчи-Кластер” МЧЖ ва “Китоб Ип Йигирув” АЖ томонидан қуйидаги қонунбузарликлар аниқланган:
— жами 8 минг 310 тонна маҳсулотни биржа савдоларига чиқармасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш;
— белгиланган жадвалларга мувофиқ маҳсулотни биржага ўз вақтида қўймаслик ёки керагидан кам ҳажмда қўйиш;
— маҳсулотлар бўйича жадвалларни ўз вақтида биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик;
— биржа савдоларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга ошириш.
"Олиб борилган текширувлар натижасида ушбу икки кластер корхонаси жами 3,2 миллиард сўмлик асоссиз даромад олгани аниқланди", — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарорига зиддир. Шунга кўра, Қўмита томонидан қонунбузарликларга йўл қўйган кластерларга нисбатан иш қўзғатилган. Қонунбузарликларни бартараф этиш ва ортиқча олинган маблағларни ихтиёрий равишда қайтариш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
ЎзА