Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда ичимлик суви: йирик лойиҳа аҳоли турмушини яхшилайди
17:16 / 2026-01-27

Қашқадарё вилоятининг Косон ва Муборак туманларида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги 427-сонли қарорига мувофиқ, Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурига яқин аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилишни назарда тутади.

Лойиҳа Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, умумий қиймати 42 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бугунги кунга қадар ушбу маблағларнинг 31,8 миллион доллари ўзлаштирилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичида Китоб туманидан Косон ва Муборак туман марказларига келувчи асосий сув тармоқлари тўлиқ реконструкция қилиниб, жами 309,4 километр қувур ётқизилди ҳамда 2 та сув иншооти янгиланди. Натижада Косон ва Муборак туманлари марказлари тўлиқ ичимлик суви билан таъминланиб, 39 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 152,5 минг нафар аҳоли илк бор барқарор ичимлик сувига эга бўлади.

– Муборак тумани марказий сув иншооти тўлиқ реконструкция қилиниб, энергия тежамкор технологиялар жорий этилди, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ Муборак туман филиали бош муҳандиси Умиджон Аллаев. – Хусусан, аввал юқори электр сарфига эга насослар ўрнига қуввати 132 киловатт бўлган замонавий насослар ўрнатилди. Иншоотда автоматлаштирилган SCADA бошқарув тизими йўлга қўйилиб, сув таъминоти жараёнларини масофадан туриб назорат қилиш имкони яратилди. Бу эса носозликларни тезкор аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Биринчи пакет доирасида пудратчи “Zhongmei Engineering Group Ltd” томонидан Косон туманида суткасига 31,5 минг куб метр, Муборак туманида эса 11,5 минг куб метр қувватга эга бўлган иккита сув тақсимлаш иншооти қурилиб, реконструкция қилинди. Шунингдек, Косон туманида 5 минг куб метр сиғимли 2 та янги резервуар, Муборак туманида эса 10 минг куб метрли 3 та резервуар реконструкция қилинди. Қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, айни пайтда объектларни қабул қилиш жараёнлари олиб борилмоқда.

– Ушбу чора-тадбирлар натижасида Муборак туманида сув сақлаш қуввати бир неча баробар оширилди, – дейди У.Аллаев. – Илгари фақат битта резервуардан фойдаланилган бўлса, ҳозирда улар сони учтага етказилди. Шу билан бирга, электрон бошқарув тизимининг жорий этилиши натижасида сув тармоқларини улаш ва бошқариш ишлари автоматлаштирилди, аҳолига сув етказиб бериш узлуксиз йўлга қўйилмоқда.

Иккинчи пакет доирасида диаметри 600 ва 400 миллиметр бўлган жами 18,6 километр магистрал тармоқлар қурилиб, ишлар 100 фоиз бажарилди. Учинчи пакет доирасида эса ичимлик суви тақсимлаш ва уй сув тармоқларини қуриш, шунингдек, хонадонларга сув ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари изчил давом этмоқда.

– Мазкур лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида Муборак туманида сув таъминоти режими тубдан ўзгаради, – дейди  “Қашқадарё сув таъминоти”АЖ Муборак туман филиали диспетчер авария хизмати бошлиғи Бобур Нарзуллаев. – Илгари аҳолига суткасига бир неча соатгина сув берилган бўлса, эндиликда 24 соат давомида барқарор ичимлик суви етказиб бериш имкони яратилади. Абонентлар сони ҳам қарийб икки бараварга ошиб, 12 мингдан ортиқ хонадонни қамраб олади.

[gallery-27323]

Косон туманида ҳам ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган эски иншоотлар ўрнига замонавий сув сақлаш ҳовузлари барпо этилмоқда. Ички тармоқларни янгилаш ишлари икки лот доирасида олиб борилмоқда.

– Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Косон шаҳри тўлиқ ичимлик суви билан таъминланади ва қамров даражаси 76 фоизга етказилади, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ Косон туман филиали бош муҳандиси Лазиз Норқулов. –  Шунингдек, қўшимча равишда қуёш панеллари ўрнатилиб, электр энергияси сарфини камида 50 фоизга камайтириш имкони яратилмоқда.

Умуман олганда, Косон ва Муборак туманларида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа аҳолининг турмуш сифати ва санитария ҳолатини яхшилаш, замонавий ҳамда барқарор сув таъминоти тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари