Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда ичимлик суви таъминоти 61,8 фоизга етди
11:04 / 2026-01-15

Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли. Айниқса, йиллар давомида энг оғриқли масалалардан бири бўлиб келган ичимлик суви таъминоти соҳасида кескин бурилиш ясалди.

Яқин ўтмишни эсласак, ҳатто вилоят маркази Қарши шаҳрида ҳам кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун ичимлик суви катта муаммо эди. Кунлаб жўмракка термилиб ўтириш, соатлаб навбат кутиш одатий ҳолга айланганди. 2010 йилда вилоят аҳолисининг атиги 27 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 37 фоизгагина етган.

Сўнгги йилларда эса соҳага давлат томонидан қаратилган эътибор, йирик дастурлар доирасида амалга оширилган ишлар натижасида вазият мутлақо ўзгарди. Бугун Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминоти даражаси 61,8 фоизга етди.

Бу борада сўнгги уч йилда 1 триллион 63 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 233 та объектда 3,5 минг километр ичимлик ва 23 километр оқова сув тармоқлари тортилди, 270 та иншоот қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада 188 дан ортиқ маҳалладаги 301 минг нафар аҳоли илк бора тоза ичимлик суви билан таъминланди, яна 139 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

[gallery-27135]

– Бу рақамлар ортида минглаб оилалар ҳаётидаги ҳақиқий ўзгаришлар турибди. Илгари сув учун навбат кутиб ўтирган хонадонлар бугун уйида узлуксиз тоза сувдан фойдаланмоқда. Асосий мақсадимиз ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга оби ҳаётни етказиш, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаров.

Фақат 2024 йилнинг ўзида 64 та объектда 311 километрдан ортиқ тармоқ тортилди ва 40 та иншоот барпо этилди. Бу орқали 118 мингдан зиёд аҳоли сув билан таъминланиб, 71 минг нафар фуқаро илк бор оби ҳаётга эга бўлди. 2025 йилда эса 18 та лойиҳа доирасида 167 километрдан зиёд тармоқ қуриш ишлари бошланди.

Кўкдала тумани марказида тарихда илк бор канализация тармоғи барпо этилди. “Бешчашма”, “Айритом”, “Шўрқудуқ” ҳудудларида янги сув тизимлари яратилди. Қарши шаҳрида “Шоҳбекат”, “Шайхали”, “Оби ҳаёт” каби автоматлаштирилган “ақлли” сув тарқатиш шохобчалари иш бошлади.

Ихтиёр Умаровнинг таъкидлашича, соҳага халқаро молия институтларининг кириб келиши ишлар суръатини янада оширмоқда.  

– Вилоятнинг Косон, Муборак, Қарши, Шаҳрисабз ва Китоб йўналишларида амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар нафақат тармоқларни янгилайди, балки бутун тизимни замонавий бошқарувга олиб чиқади. Яқин йилларда вилоятда сув таъминоти ва канализация бўйича муаммолар деярли қолмаслигига ишонамиз, – дейди масъул.

Хулоса қилиб айтганда, Қашқадарёда оби ҳаётга йўл очилмоқда. Ичимлик суви таъминоти соҳасидаги бу ўзгаришлар нафақат статистикада, балки минглаб хонадонлар ҳаётида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳар бир маҳаллага барака ва фаровонлик олиб кирмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари