Қарши шаҳридаги Театр майдони олдида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами муносабати билан Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Конституция кўчаси” ташкил этилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида суд, адлия, прокуратура, ва бошқа давлат органлари томонидан “Конституция бурчаклари” ташкил этилди. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ҳуқуқий викториналар” ўтказилди.
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси ходимлари ҳамда юридик техникум ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан Конституция нормалари ва аҳолига қизиқарли бошқа қонунчилик ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари ва нотариуслар томонидан сайёр хизматлар кўрсатилди.
Шундан сўнг вилоят мусиқали драма театрида “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғоя асосида байрам тантаналари бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими сана муносабати билан Қашқадарё аҳлини самимий муборакбод этди.
[gallery-14959]
– Бош қомусимизда ҳар бир инсоннинг эркин ва фаровон яшаши, ўз қобилият ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун мустаҳкам асослар белгилаб қўйилган, – деди вилоят раҳбари. – Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Сўнгги икки йилда вилоятимизда умумий қиймати 280 миллион доллардан ортиқ 555 та саноат лойиҳаси ишга туширилди. Айниқса, хорижлик ҳамкорлар билан олиб борилаётган дўстона алоқалар янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва Қашқадарёнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Вилоятда айни кунга қадар 317 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Бу ўтган беш йил ичида вилоятнинг эспорт суръати тўрт баробарга ошганини кўрсатади.
Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
“Ташаббусли бюджет” дастури ва “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларининг жорий қилиниши ҳудудлар ободлигига катта ҳисса қўшяпти.
Бу борада вилоятдаги 4 та маҳалла, 56 та кўча ва 2 минг 249 та хонадоннинг архитектура қиёфаси тубдан яхшиланиб, ҳудудлари ободонлаштирилди.
Белгиланган дастурлар доирасида 2,5 триллион сўм маблағ ажратилиши эвазига 1 минг 684 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича қиймати 530 миллиард сўмлик 695 та объект фойдаланишга топширилди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ички йўллар учун 155 миллиард сўм, ижтимоий соҳа объектлари учун 65 миллиард сўм ва бошқа тадбирлар учун 25 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ишлар юқори суръатда олиб борилмоқда.
“Менинг йўлим” лойиҳаси бўйича 33 та маҳалланинг ички йўллари таъмири учун 43 миллиард сўм ажратилди. Электр таъминотини яхшилаш бўйича 324 километр электр тармоқлари ва 200 дона трансформатор пунктларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари