Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда экспорт географияси кенгаймоқда, ташқи савдо салоҳияти ошмоқда
15:12 / 2026-01-24

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш борасида божхона тизими муҳим бўғинга айланмоқда.

Айниқса, божхона расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилиши ташқи савдо ҳажмларининг барқарор ўсишини таъминламоқда.

2025 йил якунларига кўра, Қашқадарё вилоятининг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 262 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан экспорт ҳажми 537 миллион, импорт эса 725 миллион АҚШ долларига тенг бўлди. Вилоят маҳсулотлари 54 та давлат бозорларига экспорт қилиниб, ташқи савдо географияси янада кенгайди.

Жумладан, 2025 йилда илк бор Словакия, Иордания, Қатар ва Кипр давлатларига экспорт йўлга қўйилди. Шунингдек, Нидерландия, Россия, Покистон ва Афғонистонга экспорт ҳажмлари ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 121 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 30 миллион долларга ўсди.

– Божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тадбиркорлар учун тенг ва шаффоф шарт-шароит яратишга қаратилган. Биз экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, расмийлаштирув жараёнларини тезкор ва қулай қилишни асосий вазифа деб биламиз, – дейди вилоят божхона бошқармаси раҳбари Ж.Файзуллаев. – Бу ўз навбатида вилоят экспорт салоҳиятини ошириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради.

Ўтган йилда вилоятда 833 миллиард сўм божхона тўловлари ундирилди. Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатлари асосида 600 га яқин тадбиркорлик субъектларига 1 триллион 326 миллиард сўм миқдорида божхона имтиёзлари ва преференциялари берилди. Қўшимча равишда 117 миллиард сўм тўловларни кечиктириб тўлашга рухсат этилди.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими тартибларининг соддалаштирилиши натижасида импорт қилинган хомашё чуқур қайта ишланиб, 21 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспортга йўналтирилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб 5 баробарга ошган.

Хавфни бошқариш тизими орқали 12 минг 515 та электрон божхона юк декларацияси расмийлаштирилиб, уларнинг 84 фоизи “яшил” ва “сариқ” йўлаклар орқали соддалаштирилган тартибда амалга оширилди. Экспорт жараёнлари 9 босқичдан 3 босқичга қисқартирилиб, 3,6 мингдан ортиқ экспорт декларацияси тезкор тарзда расмийлаштирилди.

[gallery-27289]

Шу билан бирга, яширин иқтисодиёт ва контрабандага қарши курашиш йўналишида ҳам қатъий чоралар кўрилди. Жами 19 миллиард сўмлик ноқонуний товар айланмасига чек қўйилиб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, тамаки, алкоголь ва пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний савдоси бартараф этилди.

Хулоса қилиб айтганда, божхона тизимидаги изчил ислоҳотлар Қашқадарё вилоятида ташқи савдо ҳажмларининг ўсиши, тадбиркорлик фаолиятининг фаоллашуви ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим омилга айланмоқда.

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА