English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда бир куб оқова сувнинг қанча машаққат билан келтирилишини биласизми?
10:58 / 2021-08-05

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан журналист ва блогерлар вилоятдаги қишлоқ хўжалик экинларини оқова сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этадиган сув иншоотлари фаолияти билан танишди.

Мана шундай муҳим сув иншоотларидан бири Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси таркибидаги “Талимаржон” сув омборидир.

Баъзан қишлоқ хўжалик экинлари етиштираётган деҳқонларнинг сувдан оқилона фойдаланмасдан, ариқ зовурларга оқизиб қўйганига гувоҳ бўламиз. Аммо пресс-тур давомида ҳар бир қултим сувнинг қанчалик машаққат билан Амударёдан олиб келинаётганига гувоҳ бўлдик. Бу борадаги ишлар юзасидан Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Илҳом Қурбонов батафсил маълумот берди.  

– Сув омборнинг ҳажми 1,5 миллиард куб, ҳозирги кунда 200 миллион кубга яқин сув бор, – дейди И.Қурбонов. – Сув йиғиш жараёни декабрь, январь, февраль ойларини ташкил қилади. Қолган пайтда сув экинлар учун чиқарилади. Сув Амударёдан келади. Сув омборга 7 та насос станцияси орқали, минимум 10 куб, максимум 195 куб сув киради. Чиқиши 360 кубгача. Йўл бўйлаб 110 километр, канал бўйлаб 80 километр масофани назорат қиламиз. Насосларнинг асосий қисми Туркманистон ҳудудида жойлашган. Ҳозирги кунда чегаралар ёпиқ. Шу боис Бухоро вилояти орқали айланиб, 1 минг 600 километр масофани босиб ўтиб назорат қиляпмиз. Ҳозирги кунда ташкилотимизда 400 нафар ишчи-ходим ишлайди. Шундан 200 нафарга яқини туркман фуқароси ҳисобланади. Икки ойга бир марта смена алмашади. Амударёдан йилига ўртача 2,5 минг 3 минг куб сув оқиб ўтади. Ундан биз бор йўғи 100-150 метр энниликдаги канал орқали сув оламиз. 21 километр ўзи оқиб келади. Бунинг учун 17 та земснарядлар йил 12 ой 24 соат тўхтамасдан ишлайди. Чунки Амударё суви лойқа бўлганлиги учун канал тўлиб қолади. Масалан, айни пайтда бир куб сувда 18 килограмм лойқа бор. Биринчи насосда 3 та агрегат ишлайди. Ҳар бири 35 кубдан яъни 210 куб сув чиқаради. 17 метр баландликка кўтариб бериб, 20 километр узоқликка ҳайдайди. Иккинчи насос станцияси ҳам худди шундай 24 метр баландликка кўтариб беради. Ҳозирги кунда 5 қатор агрегат ишлаяпти биттаси захирада. Захирада турган пайт агрегатни таъмир жараёнини қиламиз. Қайси агрегатнинг иши яхши бўлмаса, тўхтатиб захирадагисини қўшиб юборамиз. 365 кун давомида мана шу 36 та агрегат умуман тўхтамайди. Шу ҳолатда 1 километр 400 метрга кўтариб келамиз. 3-насосга ҳам 24 метр баландликда келади. 4-насосга 20 километр ҳайдагандан кейин бу оралиқ бетон канал. Шу ердан Миришкор каналига сув олинади. Бу каналнинг ҳам 23 километри Туркманистон ҳудудида. Ҳозирги кунда иккита агрегат 64 куб сув ҳайдаяпти. Қолган 3 та агрегат 5-насосга сув ҳайдайди. 5-насос ҳам ҳудди шундай 24 метр баландликка кўтариб 6-насосга сув юборади. Бундан келган сув Аму-Қашқадарё ҳавза бошқармасининг фармойишига асосан ё 7-насос станцияси орқали Талимаржон сув омборига сув ташланади ёки тўғридан-тўғри суғоришга берилади. Масалан, ҳозир бир кеча-кундузда 20 миллион куб сув оладиган бўлсак, омборга кираётгани йўқ. Ҳаммаси суғоришга кетяпти. Сув омборида сув қолмади, деб айтишади, лекин насослар тинимсиз ишлаб туради.

Маълумот ўрнида “Талимаржон” сув омбори Нишон туманидаги Талимаржон шаҳридан 3 километр узоқликда жанубий шарқда жойлашган. Ушбу сув омбори 1986 йилнинг 29 мартида фойдаланишга топширилган. Сув йиғиш манбаи Амударё дарёдан 7 та насос агрегатлари орқали тўлдирилади. Омбор 2 та тўғондан иборат.  

Мазкур сув омбори вилоятдаги энг йирик сув йиғиш иншооти бўлиб, Нишон, Қарши, Миришкор, Касби, Ғузор, Муборак туманлари ҳамда “Талимаржон” ИЭС, “Шўртангазкимё” мажмуасини ичимлик ва ирригация суви билан таъминлайди.

Сув тўлдириш мавсумий бўлиб, куз-қиш мавсумида ҳамда қисман май-июнь ойларида тўлдирилади. “Талимаржон” сув омбори Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси томонидан эксплуатация қилинади. Омборнинг тўлиқ ҳажми 1 миллиард 525 миллион куб метр бўлиб, унда йиғилган сув захираси ҳисобига 337 минг гектар майдон оқова сув билан таъминланади. Умумий майдони 7 минг 735 гектарни ташкил этади.  

Таъкидлаш лозимки, “Талимаржон” сув омборидаги сув Қарши магистрал канали орқали суғориладиган ер майдонларига етказилади. Қарши бош канали 1974 йил ишга туширилган. Таллимаржон сув омбори орқали Қарши бош канали сув олади. Каналнинг умумий узунлиги 105,3 километрни ташкил этади. Қарши магистрал каналининг бош қисмида максимал сув сарфи 350 м3/с.  Ушбу канал Қарши туманидаги 21 минг 285 гектар, Косон туманидаги 74 минг 96 гектар,  Нишон туманидаги 40 минг 985 гектар жами 136 минг 366 гектар майдонда экилган пахта, ғалла, боғ ва бошқа экинларни ҳамда аҳоли томорқасини сув билан таъминлашга хизмат қилади.

Худди шундай “Талимаржон” сув омбори орқали Туйинтурувчи каналининг ПК310+00дан ҳамда Қарши бош каналининг ПК650+00 даги 4 ва 5-насос орқали  Миришкор магистрал каналига ҳам сув қуйилади. Миришкор магистрал канали 1973 йилда ишга туширилган, жами узунлиги 118,9 километр бўлиб, Миришкор магистрал каналининг бош қисмида максимал сув сарфи 136,5 м3/с ташкил этади. Канал тупроқ ўзанли бўлиб, Миришкор, Муборак, Касби,  Нишон ҳамда Қарши туманларидаги  41  та  сув истеъмолчилари орқали жами 119 минг 203 гектар майдонда экилган пахта, ғалла, боғ ва бошқа экинларни ҳамда аҳоли томарқасини сув билан таъминлайди.  

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида “Қарши насос станциялар каскадини қайта тиклаш – III фаза” лойиҳаси билан ҳам танишган эди. Айни пайтда ушбу лойиҳа бўйича ишлар давом эттирилмоқда.  

– Ушбу лойиҳанинг амалга оширилишини қашқадарёликлар узоқ йиллар кутди, – дейди И.Қурбонов. – Лойиҳа амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши билан вилоятда янада мўл ҳосил етиштириш, миллион-миллион даромад қилиш, сув танқислиги кескин камайиб, йилига икки-уч марта ҳосил олиш имконияти яратилади. “ЎзГИП” лойиҳа корхонаси томонидан “Қарши насос станциялари каскадини қайта тиклаш – III фаза” лойиҳасининг даслабки техник-иқтисодий асоси 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 105 миллион 300 минг доллар бўлиб, 2017-2023 йилларга мўлжалланган. Бунинг натижасида насос станцияларига энергия тежамкор агрегатлар ўрнатилади. Эскирган қувурлар янгисига алмаштирилади. Янги земснарядлар келтирилади. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 402 минг гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти тубдан яхшиланади. Бу йилига 106,55 миллион кВт соат электр энергияси тежаб қолиш имконини беради. Энг муҳими, ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Пресс-тур давомида иштирокчилар КМК ФБ марказий таъмирлаш устахонасида бўлиб, узлуксиз давом этадиган таъмирлаш тиклаш жараёни билан ҳам танишди.  

Мазкур устахона 1989 йил 1 сентябрда фойдаланишга топширилган. Умумий майдони 5184 м2 ни ташкил этади. Таъмирлаш устахонасининг асосий вазифаси ҚМК ФБ насос станциялари каскадининг суғориш мавсумидаги мунтазам ишлаши, гидротехник иншоотлар, насос станцияларидаги барча асосий ва ёрдамчи жиҳозларнинг сифатли таъмирлаш насос станциялари ва насос агрегатларини йил давомида тубдан ва жорий таъмирлаш ишларини, асосий мосламаларга керакли қисмлар ясаш ва ўрнатиш ишларини бошқарманинг хўжалик услубида ишловчи ишчи ходимлари томонидан амалга ошириб келинади.

Маълумотларга кўра, ушбу таъмирлаш устахонасида ўтган йили 86 та насос агрегатлари таъмирланган. ҚМК ФБ каскадини 46 йилдан буён ишлатиши натижасида эҳтиёт қисмлар асосий ускуналар ва жиҳозлар (ҳисобдаги) электромеханика таъмир устахонасида насос агрегатларини таъмирлаш мавсумида кечаю-кундуз сменали ишлар ташкил этилади. Ишчилар сони 61 нафар бўлиб, улар насос агрегатларни таъмирталаб детал ва узелларини қайта таъмирлаш ва янгисини ясаш вазифаларини бажариб келмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА