Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда аукциондан ютиб олинган уй ҳанузгача эгасига қайтарилмади?
15:13 / 2023-07-25

Мавзуга қайтиб

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри “Қўрғонча” маҳалласида яшовчи Ҳ.Шамсиевнинг мурожаатига асосан жорий йилнинг 29 июнь санасида сайтимизда “Қашқадарёда аукциондан ютиб олинган уй нега эгасига берилмади?” сарлавҳали танқидий мақола берилган эди. Ушбу мақолани берилганига ҳам сал кам бир ой бўлди, аммо мурожаатчининг таъкидлашича, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. На уй топширилди, на бошқа иш амалга оширилди? Хўш, нега аукциондан ютиб олинган уй эгасига берилмаяпти?  

Аввалги мақоламизда Ҳ.Шамсиевнинг 2023 йил 24 март куни онлайн “Е-аукцион” савдосига қатнашиб, лот рақами №4713163 бўлган Қарши шаҳар “Рогузар” маҳалласи “И.Каримов” кўчаси 497-уй 7-хонадонни салоҳиятли ғолиби сифатида тасарруф этилгани, аниқроғи Ҳ.Шамсиевдан олдинда турган аукцион ғолиби белгиланган муддатда уйни пулларини тўламаганлиги сабабли, онлайн аукцион иккинчи салоҳиятли ғолиб сифатида уйни Ҳ.Шамсиевга таклиф қилгани, шундан сўнг у уйнинг пулларини тўлиқ тўлагандан сўнг “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” унитар корхонаси томонидан 2023 йилнинг 25 апрель санасида №ОА0414-889655-сонли “электрон онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги” баённома расмийлаштирилгани ва баённомада Ҳусанжон Шамсиевнинг ғолиб сифатида топилгани ва унга уй 229 миллион 545 минг 750 сўмга сотилгани қайд этилганини ёзган эдик.  

Шундан буён Ҳ.Шамсиев оввораю сарсон.  

– Ушбу муаммо юзасидан мурожаат қилмаган жойимиз қолмаяпти, – дейди Ҳ.Шамсиев. – Бир неча бор Президент Виртуал қабулхонасига, Республика Бош прокуратурасига мурожаат қилдик. Қашқадарёдаги Республика бош прокурорининг қабулига ҳам кирдик, у киши вилоятнинг масъулларига топшириқ берди. Бунга ҳам икки ойдан ошди, лекин натижа ҳамон йўқ.  

Бу ҳолат юзасидан амалдаги қонунчиликда нима дейилганига қизиқиб кўрдик.  

Фуқаронинг ариза билан 2023 йил 28 апрель куни Бош прокуратурага қилган мурожаатига Қарши шаҳар прокуратураси томонидан 27 май куни берилган жавоб хатида унинг бу масала юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.  

Лекин Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 143-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади” деб белгилаб қўйилган. Шундай экан фуқаронинг давлат томонидан ташкил этилган онлайн аукционда ғолиб бўлиб қўлга киритган уйини олиш учун судма-суд юриши қанчалик тўғри?  

Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси вакиллари умумий қилиб, ижро ҳужжати юридик шахсга тегишли бўлгани ва гаровдаги мулк жисмоний шахсга тегишли бўлгани учун тақиқ қўйилмагани, шунинг учун уй олди соттисини амалга оширган, деган мазмунда жавоб бермоқда.  

Аммо Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги “Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг 2-банди 3-хат бошида “Электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди” деб белгилаб қўйилган.  

Бундан ташқари, худди шу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги “Электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 18-сонли қарори қабул қилинган ва қарор иловасидаги “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг “Лотни аукциондан (танловдан) қайтариб олиш тартиби ва муддатлари” номли 4-боб 94-95 бандида “94. Буюртмани савдодан олиш ҳақидаги электрон сўров хати (суд, прокурор, терговчи ва суриштирувчининг қарори) аукцион бошланган ёки танлов бўлиб ўтгандан кейин келиб тушганда, аукцион ёки танлов объекти қайтариб олинишига йўл қўйилмайди. 95. Аукцион ёки танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун аукцион ёки танлов натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди” дея ёзиб қўйилган.  

Биз адвокат эмасмиз, келтириб ўтилган асослар ожизона ақлимиз билан англаганларимиз, албатта. Аммо қонун ва қарорларда шунча асослар бўла туриб нега масъуллар ишни пайсалга солмоқда? Буниси тушунарсиз. Мурожаатчи Ҳ.Шамсиев шунчаки, адолатли ҳукм чиқарилишини, аукцион савдолари хусусидаги амалдаги меъёрий нормаларга амал қилинишини, муаммоси ечим топишини сўрамоқда.  

Аукционда бирорта мол-мулк сотиб олиб, ортидан шунча оворагарчилик бўлса, онлайн савдодаги шаффофлик қаерда қолади? Энг ёмони бизга етиб келаётган тасдиқланган ва тасдиқланмаган манбаларнинг берган маълумотларига кўра, бу ҳолат Қашқадарёда дастлабкиси эмас.  

Ушбу ҳолат бўйича масъуллардан изоҳ кутиб қоламиз.  

Мавзуга яна қайтамиз.  

Ўлмас Баротов, ЎзА.