Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда аҳолини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи давом этмоқда
15:55 / 2026-02-20

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва стратегияларни самарали амалга оширишда аҳолининг сони, таркиби ҳамда ҳудудий жойлашуви ҳақидаги аниқ маълумотлар муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари давлат бошқаруви тизимида манзилли ва самарали қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 16 мартда тасдиқланган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун юртимизда демографик, ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ягона ахборотлар базасини шакллантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур қонун доирасида ўтказилган аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи босқичида фуқаролар онлайн тарзда фаол иштирок этган бўлса, айни пайтда иккинчи босқич ишлари ҳудудларда жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилоятида иккинчи босқич доирасида жами 711,6 минг хонадонни қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 675 минг хонадон, яъни режанинг 95 фоизи бажарилди. Қолган 36,6 минг хонадонда рўйхатга олиш ишлари тасдиқланган график асосида давом этмоқда.

Чироқчи туманида ҳам мазкур жараён маҳалла еттилиги иштирокида белгиланган тартибда амалга оширилмоқда. Жумладан, “Қалқама” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Хуррамовнинг таъкидлашича, маҳаллада мавжуд 624 та хонадоннинг қарийб 90 фоизи биринчи босқичда онлайн тарзда рўйхатдан ўтган. Қолган хонадонлар бўйича эса маҳалла еттилиги томонидан уйма-уй юриб, рўйхатга олиш ва маълумотларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

[gallery-27776]

– Рўйхатдан ўтиш жараёнида айрим ҳолларда оила аъзолари тўлиқ қамраб олинмаган ҳолатлар кузатилди. Ҳозирда шу каби хатоларни бартараф этиш устида ишлаяпмиз, – дейди маҳалла раиси.

Маълум қилинишича, Чироқчи туманидаги 55 та маҳаллада мавжуд 48 минг 603 та хонадон маҳалла еттилиги томонидан ўрганилиб, онлайн рўйхатдан ўтишда иштирок этмаган ёки саволномаларни камчиликлар билан тўлдирган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар планшет қурилмалари орқали электрон тизимга киритилмоқда. Ҳозирга қадар ушбу ишлар 95 фоиз бажарилган.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Боймурод Ёриевнинг таъкидлашича, дастлабки босқичда туманда аҳолининг 84 фоизи онлайн рўйхатдан ўтган, иккинчи босқичда эса қолган хонадонлар тўлиқ қамраб олиниш арафасида.

Умуман олганда, аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари аҳоли таркибининг реал ҳолатини аниқлаш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш учун ишончли ва холис маълумотлар базасини яратишга хизмат қилади. Бу эса юртимиз тараққиёти йўлида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари