Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда аҳоли бандлиги, ижтимоий ёрдам дастурлари доирасидаги ишлар ҳолати қандай?
15:59 / 2023-05-27

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг бажарилиши ҳамда “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Президент фармонига асосан ижтимоий ёрдам дастурлари доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам бериш тизимининг ижро этилиш ҳолатини Қашқадарё вилоятида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни кириш сўзи билан очган қўмита раиси Мавлуда Хўжаева мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг реал даромадларини изчил ошириб бориш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланганини таъкидлади. 2022 йилнинг 25 июль куни 2021−2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси қабул қилингани, бу бўйича ишлар олиб борилаётганини қайд этди.

– Қашқадарё вилоятида “Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги қонун ва юқоридаги фармоннинг ижросини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда, – деди қўмита аъзоси М.Ҳожиматов. – Вилоятда 2022 йил давомида 270,7 минг оилага 1,45 триллион сўм ижтимоий ёрдам пуллари берилган. Вилоятда доимий аҳоли 3 миллион 445,4 минг нафарни, иқтисодий фаол аҳоли сони 1335,2 минг нафарни ташкил этса, банд бўлганлари 1211,1 нафарни ташкил этади. Ўрганишларимиз давомида маълум бўлдики, бугунги кун ҳолатига кўра, вилоятда ишга жойлаштиришга муҳтож бўлган шахслар 124,1 минг нафарни ташкил этиб, ишсизлик даражаси 9,3 фоизни, иқтисодий нофаол аҳоли эса 484,1 минг нафарни ташкил қилмоқда. 2022 йил давомида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 63 минг иш билан банд бўлмаган фуқароларга бандлик хизматлари кўрсатилган бўлиб, бунинг учун бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Шунингдек, йиғилишда қўмита аъзолари вилоятда фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бандлик соҳасидаги қонунчиликка тўлиқ риоя қилиш борасида учраётган айрим камчиликлар, аниқланган муаммоларни танқид остига олиб, онлайн иштирок этган вилоят мутасаддиларига савол ва эътирозларини билдирди. Хусусан, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 80 фоиздан ортиғига маслаҳат бериш билан чекланилгани, айрим туманларда инвестиция дастурлари ўз вақтида бажарилмагани, оқибатда режалаштирилган иш ўринлари яратилмаганлиги танқид қилинди.

Бундан ташқари, йиғилишда аҳоли, айниқса, кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларни бепул санаторийларга жойлаштириш борасидаги ишлар ҳам таҳлил қилинди. Бу борада навбат кўплиги натижасида аҳолининг эътирозлари ортган. Бунинг сабаблари ўрганилганда, бепул хизмат кўрсатиш учун атиги 7 та сиҳатгоҳ бириктирилганлиги маълум бўлди. Шу боис, ушбу сиҳатгоҳлар сонини кўпайтириш таклифлари билдирилди. Кун тартибидаги масалалар ҳамда депутатларинг эътироз ва саволлари юзасидан вилоят мутасаддиларининг ҳам фикрлари, таклифлари тингланди.

Муҳокамаларга бой бўлган йиғилишда депутатлар томонидан ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилиб, самарали парламент назоратини амалга оширишга келишиб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА