Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда аграр ислоҳотлар: илмий ёндашув ва замонавий технологиялар самараси
17:48 / 2026-01-06

Қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантириш аввало инсон ҳаёт сифатини яхшилашга, аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларидан бири – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, табиий бойликларни асраб-авайлашга қаратилган тизимли ёндашув ҳам такомиллашиб бормоқда. Сўнгги йилларда аграр соҳада илмий ёндашувлар ва инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши маҳсулдорлик ўсишига хизмат қилаётгани амалиётда яққол кўзга ташланмоқда.

Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган аграр ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Замонавий агротехнологиялар, техник янгиланиш ва илмий-тадқиқот ишларининг ишлаб чиқариш билан уйғунлашуви воҳада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажмини оширишга мустаҳкам замин яратмоқда.

– Ўтган йил вилоят фермер ва деҳқонлари учун самарали ва баракали бўлди, – дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳобиддин Норов. – Асосий ва такрорий экинлар экиладиган 410 минг гектардан ортиқ майдонларда турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда 410 минг гектардан зиёд ер майдонида асосий ва такрорий экинлар экилиб, шундан 133 минг гектардан ортиғида буғдой, 126 минг гектарида пахта парваришланди. Натижада ғалладан 1 миллион тоннадан ортиқ, пахтадан эса 552 минг тоннадан зиёд ҳосил олинди. Шунингдек, 950 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз маҳсулотлари, 315 минг тонна мева ва узум, 200 минг тонна картошка, қарийб 3 минг тонна пилла етиштирилди.

Қайд этилишича, сабзавотчилик ва полизчилик йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, 30 минг гектардан ортиқ сабзавот, 5 минг гектардан зиёд полиз экинлари экилиб, ҳосил олинди. Бу жараёнларда Ўзагроинспекция томонидан агротехник талабларга риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

– Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, инновацион технологиялар ва илм-фан ютуқларини амалиётга кенг жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ш.Норов. – Фақат шу йилнинг ўзида вилоятда 1025 та янги замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинди, 4 минг 471 та техника давлат рўйхатидан ўтказилди. Келгуси йил ҳосили учун 21 минг тоннадан ортиқ уруғлик дон тайёрланиб, 12 минг тонна уруғлик пахта хомашёси жамғарилди.

[gallery-27008]

Боғдорчилик ва узумчилик соҳасида ҳам ўсиш суръатлари кузатилмоқда. 2025 йилнинг баҳор ва куз мавсумларида замонавий агротехнологиялар асосида жами 10 минг 218 гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилди. Суғориш, такрорий экинлар ва боғдорчилик бўйича илмий тавсияларнинг ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши ҳосилдорликни ошириш билан бирга, маҳсулот сифати яхшиланишига ҳам хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, аграр соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, илмий асосда қабул қилинаётган қарорлар ҳамда қишлоқ хўжалигида янги тафаккурнинг шаклланиб бораётгани келгусида соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурар), ЎзА мухбирлари