English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда 8-синф ўқувчисини ким калтаклаган?
17:25 / 2022-11-08

Қашқадарё вилоятида 8-синф ўқувчиси юқори синф ўқувчилари томонидан калтаклангани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат натижасида Қарши шаҳридаги 27-умумтаълим мактаби жамоаси ва у ердаги таълим тизими ҳақида салбий фикрлар тарқалди. Хабарда таъкидланишича, 8-синф ўқувчисини катта синф ўқувчилари дўппослаган ва унга қаттиқ тан жароҳати етказилган. Натижада ўқувчи шифохонага ётқизилган. Ота-онаси, тўғрироғи кўпроқ онаси мактаб жамоаси ва ўша урган ўқувчиларни жавобгарликка тортиш лозимлигини айтмоқда.  

Биз эса ушбу таълим муассасасига қозилик қилиш фикридан йироқ бўлган ҳолда воқеа аслида қандай бўлганига қизиқдик ва журналистик суриштирув олиб бордик.  

Дастлаб, 27-умумтаълим мактабига бориб таълим муассасаси ўқитувчилари билан суҳбатлашдик.  

– Жорий йилнинг 2 ноябрь куни мактабимизда содир бўлган воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бордик, – дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Интизор Мамадалиева. – Мактаб атрофидаги кузатув камераларини кўздан кечирганимизда бола ўзи юриб, мактабга келаётгани аниқланди. Мактабнинг кириш фойесидаги камерада ҳам бола ўзи юриб келгани ва киргандан кейин тоби қочиб қолгани акс этган. Бу нарса кенг жамоатчилик орасида катта шов-шувларга сабаб бўлиб, ўқитувчиларимизнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўша бола мени урди, дея таъкидлаётган 9-синф ўқувчилари билан мактаб ўқитувчилари, мактаб инспектор психологи, синф раҳбари суҳбат олиб борганда уларнинг мактабга соат нечада келиб, нечада қайтгани кузатув камерасига тушганлиги, бу ҳодисага алоқаси йўқлиги аён бўлди.  

Хўш, унда 8-синф ўқувчисини ким урган? Унга шифохонага тушиб қоладиган даражадаги жароҳатни ким етказган?  

Жабрланган бола ҳам ўз кўрсатмаларида юқори синф ўқувчилари томонидан калтаклангани хусусида кўрсатма берган. Хуллас воқеалар чигал. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатимиз асносида ўша куни боланинг онаси синф раҳбарига телефон қилиб, ўғлини кеч боришини айтиб жавоб сўраган. Ҳақиқатдан кузатув камераларида акс этган видеотасвирга таянадиган бўлсак, бола иккинчи сменадаги дарсга кечикиб соат 15:14 да келгани кўрсатилган.  

Қашқадарё вилояти ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ҳамкорлигида ҳолатни ўрганарканмиз профилактика инспекторлари ва психологлар томонидан воқеага алоқадор ҳар бир жиҳат эътибордан четда қолмагани, ўқувчидаги жароҳатлар қай тартибда орттирилгани синчковлик билан ўрганиб чиқилгани маълум бўлди. Ўрганишларга кўра, ҳолат юзасидан жиноий иш очилгани айтилди.  

– 2022 йил 2 ноябрь куни Қарши шаҳар ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, шу куни соат 15:00 да Қарши шаҳри Каманди МФЙда яшовчи Қарши шаҳар 27-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси тан жароҳати олиб шифохонага тушган, – дейди терговчи Руслан Жумаев. – Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида шу мактабда ўқиётган юқори синф ўқувчилари уриб тан жароҳати етказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тўпланган. Кейинчалик жиноий иш қўзғатилиб, олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноят юқори синф ўқувчилари томонидан содир этилмаганлиги аниқланган ва ҳолат бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.  

Демак терговчининг сўзларига қулоқ соладиган бўлсак, болани юқори синф ўқувчилари урган деган иддао ўз тасдиғини топмади. Дастлабки тергов маълумотларидан келиб чиқиб, ўқувчининг отаси билан ҳам суҳбат ўтказилди. Унинг фикрларини тингладик.  

– Ҳар бир ота ўз фарзандини ёмон йўлга кириб кетмаслиги учун курашади, ҳаракат қилади, танбеҳ беради, – дейди жабрланган ўқувчининг отаси. – Мен ҳам ўғлимнинг эртага ёмон инсон бўлишини истамайман. Ўша куни қилган қилмишидан жаҳлим чиқди. Кўча кўйда мактабга отаси ташлаб кетди деган бўҳтон гаплар тарқаб кетди. Тўғри, урдим, лекин шифохонага тушадиган даражада урганим йўқ. Агар шу ҳолатга келгунча урганимда уни мактабга ташлаб кетмасдим, ўзим олиб борган бўлардим шифохонага. Бир кун олдин кечқурун ўғлимга танбеҳ берган бўлсам, эртаси куни яъни 2 ноябрь куни соат 13:30-14:00 гача мен билан бирга юрган. Бу вақт давомида акаси иккаласи билан бозорга борганмиз, акасига спорт анжомлари харид қилганмиз. Кейин у кетди. Соат 15:00 дан ўтиб шу хабар келяпти. Албатта бунга орган ходимлари ечим топади. Адолатли ҳал этилишига ишонаман.  

Ота-она томонидан боланинг тўғри йўлдан оғишмаслиги учун танбеҳ берилиши унчалик ёмон иш эмас. Аммо вазиятни ўрганмасдан туриб, асосланмаган хабарлар ортидан шов-шув чиқариш ўсмирлик ёшидаги болага салбий таъсир кўрсатади, – дейди марказ раҳбари бу ҳақида тўхталаркан.  

– Ҳар бир ота-она боласи вояга етгунга қадар унга таълим-тарбия беришга мажбур, бу бизнинг асосий қонунимизда кўрсатилган. Вояга етмаганлар билан содир бўлаётган кўнгилсиз воқеаларни сабабини мактаб даргоҳи ёки ўқитувчилардан излаш бу масалага ечим эмас, – дейди Қашқадарё вилояти ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари Ирода Расулова. – Шу ўринда ижтимоий тармоқлар фаолларидан бирор-бир маълумот ёки мурожаат келиб тушганда, аввал уни текшириб, сўнг ахборот сифатида тарқатиш шартлигини эслатамиз. Шов-шув кўтариб бонг уришдан олдин шу тарқатаётган ёлғон хабарингиз кимнидир тақдирига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутмаслигингизни сўраймиз.  

Қайси ота-она фарзандига ёмонликни раво кўради. Бола ҳақида ёмон хабар биринчи ота-онани қалбини жароҳатлайди. Аммо вояга етмаган бола ёки қиз ҳақида гап кетаркан ўйнаб гапирсак ҳам ўйлаб гапиришимиз керак. Боиси бугун 8-синф ўқувчисининг калтакланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан атрофда тарқалган гап-сўзлар нафақат ўша болага, балки унинг оила аъзолари, қариндошлари, у таълим олаётган мактаб жамоаси, ўқувчиларига салбий таъсир ўтказаётганини инкор қилиб бўлмайди.  

Мавзуга яна қайтамиз.  

Ўлмас Баротов, ЎзА.