Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда 63 фоизга яқин фуқаро овоз бериш жараёнида қатнашди
16:34 / 2023-04-30

13-Қашқадарё округ комиссиясида айни пайтдаги овоз бериш жараёни умумлаштириб борилмоқда.

Айни пайтда вилоятнинг 2 та шаҳар ва 14 та туман ҳудудлари чегаралари доирасида жами 1002 та референдум ўтказиш участкасида овоз бериш жараёни давом этмоқда.  

Соат 13:00 ҳолати вилоятдаги жами овоз берувчиларнинг 63 фоизга яқини референдумда иштирок этди. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ комиссиясининг 9 та қарори қабул қилинди. Мажлисларда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш режасини тасдиқлаш, округ комиссияси аъзоларининг вазифалари тақсимоти, Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида округ комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвалини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи референдум участкаларини тузиш, Референдум ўтказувчи участка комиссиялари таркибини тасдиқлаш, сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.   

[gallery-11665]

Маълумот ўрнида Қашқадарё вилоятидаги референдум ўтказувчи участка комиссияларининг аъзолари 11144 нафарни ташкил этади. Шундан аёллар 4544 нафар. Тегишли низом талаблари асосида участка комиссияларининг аъзолари йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролардан иборат бўлишига эътибор қаратилди. Шунга кўра, умумий аъзоларнинг 80,3 фоизи, яъни 8946 нафари аввалги сайловларда иштирок этган, тажрибаси юқори фуқаролардан бўлиши таъминланди.  

Референдум қонунчилигида референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шунга кўра, Қашқадарё вилоятида ҳам жорий йилнинг 19-26 апрель кунлари муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ўтказилди. Қашқадарё вилояти бўйича 63 минг 975 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз беришда иштирок этди.  

Овоз берувчиларнинг умумий сони 1 миллион 840 минг 371 нафарни ташкил этмоқда.  

Овоз бериш жараёни давом этмоқда.  

Ўлмас Баротов,  

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.