Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда 20,2 миллиард сўмлик ичимлик суви қарздорлиги ундирилди
17:51 / 2026-01-20

Мамлакатимизда суд қарорлари ижросини таъминлаш, аҳоли ва ташкилотларнинг коммунал хизматлар бўйича қарздорликларини қисқартириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан қатор самарали чора-тадбирлар кўриляпти.

Хусусан, Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан суд қарорларига асосан сув таъминоти корхонаси фойдасига қарздорликларни ундиришга қаратилган ижро ҳужжатлари ижроси изчил таъминланмоқда.

Маълум қилинишича, 2025 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан ичимлик суви учун вужудга келган қарздорликларни ундириш бўйича жами 6 736 та ҳужжат юритувга қабул қилинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 22,6 миллиард сўмни ташкил этган. Олиб борилган амалий чоралар натижасида 6 135 та ижро ҳужжати бўйича талаблар тўлиқ қаноатлантирилиб, 20,2 миллиард сўм маблағ ундирилди.

– Айни пайтда 601 та ҳужжат бўйича амалий чоралар давом эттирилмоқда бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2,4 миллиард сўмни ташкил этади, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаров. – Шу жумладан, 282 та ҳужжат бўйича қарздорликни ундириш қарздoрларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларига қаратилган.

Қайд этиш жоизки, бундай тадбирлар нафақат Қашқадарё вилоятида, балки республика миқёсида барча ҳудудларда изчил амалга оширилмоқда. Бу орқали коммунал хизматлар корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда қарздорлик маданиятини шакллантириш мақсад қилинган.

Мажбурий ижро бюроси томонидан қонун талабларига қатъий амал қилган ҳолда, ижро интизомини мустаҳкамлаш, қарздорликларни ихтиёрий равишда тўлашга рағбатлантириш ҳамда ижтимоий адолат тамойилларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нилуфар Бозорова, ЎзА