English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда 2 мингга яқин фуқаро тўловни амалга оширмаяпти
15:35 / 2025-08-25

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижроси доирасида олиб борилаётган хатлов ишлари натижасида кўплаб фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларига нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқлари эътироф этилмоқда.

Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси масъулларнинг таъкидлашича, бугунги кунда вилоятда 1 минг 938 нафар фуқаро эгалик ҳуқуқини бериш масаласида ижобий хулоса олган бўлса-да, уларга юборилган SMS-хабарнома асосида белгиланган бир марталик тўловни амалга оширишмаган.

– Тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли эгалик ҳуқуқини эътироф этиш жараёни чўзилмоқда, – дейди  Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Ғайрат Ҳамроев. – Бир марталик тўлов амалга оширилиб, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида кўриб чиқилмагунча фуқаролар уй-жойларига тўлиқ эгалик ҳуқуқини олишолмайди. Тўлиқ эгалик ҳуқуқи уй-жой мулкдорларига ушбу мулкни хоҳлаган пайтда сотиш, яқинларга ҳадя қилиш ёки меросга қолдириш имконини беради.  

Маълумот учун, қонунга кўра, ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан бир марталик тўловни амалга ошириш борасида SMS-хабарнома юборилади. Хабарнома асосида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори асосида бир марталик тўловни амалга оширганларнинг ҳуқуқлари эътироф этилади.

Ҳуқуқларни эътироф этиш учун бир марталик тўлов миқдорлари Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, бошқа аҳоли пунктларида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, вилоятда олиб борилган хатлов ишлари натижасида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияларида бугунги кунга келиб 516 нафар фуқаронинг уй-жойларига нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари расман эътироф этилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири