Қашқадарёда ташкил этилган «Ўзбекнефтгаз» АЖ агроучасткасида экоакция ўтказилди
Экоакция «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилган экоакцияда Ғузор туманида «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг агро участкаси барпо этилди. Боғнинг илк кўчатларини вилоят нуронийлари ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев экди.

Режа бўйича 120 гектар ерни эгаллаган агро участкада 72 минг донадан зиёд мевали ва манзарали дарахт экилади. Ҳудуднинг иқлим шароити ҳам ҳисобга олиниб, боғ тўлиқ томчилаб суғорилиши учун шароитлар ҳолати ўрганилди ҳамда тегишли чоралар белгиланди.

Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамда “Uzbekneftegaz GTL” заводи ҳудудида амалга оширилаётган ушбу лойиҳада Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамда нуронийларининг таклифлари тўлиқ инобатга олинди.

Бошқарув раиси дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлаш, кўкаламзорлаштириш учун тизимли ишлар олиб борилишини таъкидлади. Бу ҳудудда экилган дарахтлар ва бута кўчатларини парваришлаш, уларни ривожланиши учун махсус техника билан таъминланиши белгиланди.

Зарур жойларда суғориш тармоқлари барпо этилиб, экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалалари билан шуғулланадиган алоҳида масъул тайинланди. Ушбу экоакция давомида кўчатларни экиш, уларни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш бўйича нуронийлар маслаҳати тингланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА