Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудларида туризм объектлари барпо этилади
12:47 / 2023-11-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти  “Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, хорижий давлатларнинг малакали экспертлари ва етакчи компаниялари иштирокида Шаҳрисабз туманининг "Мираки", "Амир Темур", "Улоч" ва "Полмон" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, жумладан меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар объектлари, шунингдек, Қамаши туманининг "Катта ўра" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги умумий майдони 58,6 гектар бўлган ер участкасида меҳмонхона, соғломлаштириш санаторийси, умумий овқатланиш объектлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси ва бошқа туристик аҳамиятга эга объектлар барпо этишни назарда тутувчи мастер-режа лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шаҳрисабз тумани ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида "Шаҳрисабз" туристик маркази, Қамаши тумани ҳудудидаги умумий майдони 58,6 гектар бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасида "Майданак баланд тоғ” туристик маркази ташкил этилади. 

"Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказларини ривожлантириш ва бошқариш учун давлат муассасаси шаклида Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти ташкил этилади ва у Шаҳрисабз туманида жойлашади.

Ушбу қарор билан "Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ” туристик маркази ҳудуди чегаралари тасдиқланди.

Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасига туристик марказларнинг чегаралари ва уларнинг тавсифларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати ҳам берилади. 

Туристик марказлар ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги ер участкалари мастер-режа, бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаларига мувофиқ инфратузилма объектлари ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни барпо этиш учун Департаментга ва (ёки) ушбу объектларни қуриш, сақлаш ва фойдаланиш вазифасини амалга оширувчи бошқа давлат органлари, муассасалари ва корхоналарига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади.

Мастер-режа, бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаларига мувофиқ тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган бўш ер участкалари мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн аукцион орқали реализация қилинади.

Бўш ер участкалари электрон онлайн аукцион орқали туристик марказларнинг мастер-режа, бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаларида назарда тутилган объектларни барпо этиш шарти билан лотларга бўлинган ҳолда реализация қилинади. 

Шаҳрисабз туманининг "Мираки", "Амир Темур", "Улоч" ва "Полмон" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда Қамаши туманининг "Катта ўра" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда 2024-2025 йилларда қўшимча меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва дам олиш масканларини қуриш мақсадида бўш ер участкаларини 10 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилади.

ЎзА