Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти қониқарлими? – Мактабгача таълим вазири соҳага алоҳида ёндашмоқда
14:01 / 2022-04-24

Ҳафта давомида мамлакатимиз амалдорларининг амалга оширган ишлари, ҳудудларга ташрифи ва соҳага доир учрашувлари ҳақида маълумот тақдим этишда давом этамиз.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин учун ҳам ўтган ҳафта ташриф ва учрашувларга бой бўлди.

Вазир 19 апрель куни А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети раҳбарияти билан учрашди. Учрашувда томонлар устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича қатор масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, қўшимча таълим дастурларини ишлаб чиқиш, 2023 йил учун талабаларни қабул қилишни режалаштириш, филиални рус профессор-ўқитувчилари билан таъминлаш, “Малыш” лойиҳаси бўйича 2022 йилга мўлжалланган иш режа, шунингдек, “Команда под ключ” лойиҳасининг концепцияси ва амалга ошириш режаси муҳокама қилинди. Шунингдек, МТВ томонидан кадрлар тайёрлаш учун қўшимча равишда тифлопедагогика йўналишини очиш таклиф этилди.

20 апрель куни эса вазирнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи бошланди. Вазир дастлаб, Косон туманидаги 16 - сонли ДМТТга ташриф буюрди. 1985 йилда қуриб, ишга туширилган, 150 ўринга эга боғчадаги шароит ўрганилиб, кичик ёшдаги болаларни пуллик хизмат шаклида қабулини ташкил этиш масаласи илгари сурилди. Сўнг, шу туманнинг давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Happy kids Akademy” боғчаси кўздан кечирилди.

Шунингдек, вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ Касби тумани кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрди. Ушбу даргоҳ 2011 йилда мослаштирилган бинода ташкил этилган бўлиб, айни пайтда ташкилотда жисмоний ва психик ривожланишида нуқсони бор 6 гуруҳда 6 турдаги касалликлари бор 52 нафар бола тарбияланмоқда. Турли нуқсони бор болаларга ташкилотда 59 нафар ходим таълим тарбия беради, шулардан 28 нафарини педагоглар ташкил қилади.

Вазирнинг Қашқадарёга сафари 21 апрель куни ҳам давом этди. Агриппина Шин Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Қовчин” МФЙда жойлашган 14-сонли боғчада бўлди. Ушбу бино 1970 йил қурилган бўлиб, 2021 йил Инвестиция дастури асосида 4 миллиард 245 миллион сўм маблағ ҳисобига реконструкция қилинган.

МТТ 150 ўринли бўлиб, педагог кадрлар 14 нафарни ташкил этади. Ушбу бино икки йил олдин жуда хароба ҳолда бўлган, болалар тарбия олишлари учун на шароит на таълим сифати бор эди. Эндиликда ушбу масканда болажонлар учун барча шароитлар яратилган.

Кейинги манзил Ғузор тумани 2-сонли Кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу боғча 1970 йилда қурилган бўлиб, хозирги кунда 78 нафар бола тарбияланмоқда. Вазир туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари билан ДМТТни янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор масалаларни муҳокама қилди.

Ўша куннинг ўзида вазир Агриппина Шин Шаҳрисабз туманидаги педагогика коллежига ҳам борди. Ташриф чоғида коллеж қошида бўш турган бинода 150 ўринли боғча ташкил этиш борасида ҳокимлик мутасаддилари билан келишувларга эришди. Шу билан бирга, тумандаги бошқа МТТлари ҳолати, педагогика коллежида яратилиши лозим бўлган пуллик хизматлар турини кенгайтириш, болалар қамровини ошириш, туман таълим тизимида кластер яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Дарвоқе, вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ йўлда “Ақлвой” автобусини учратиб қолди. Автобус ҳолатини ўрганиш ва қайси ҳудудга хизмат қилаётганини аниқлаш мақсадида Агриппина Шин “Ақлвой” ходимлари билан яқиндан суҳбат қурди. Яккабоғ туманида хизмат қилаётган мазкур “Ақлвой” автобуси икки гуруҳ болаларига таълим-тарбия жараёнини ўтаб қайтмоқда эди. Сифатли таълимни таъминлаш мақсадида педагог тарбиячининг дидактик материаллардан унумли фойдаланилаётгани эътироф этилди.

22 апрель куни тизим ривожи учун муҳим меморандум имзоланди.  Вазир Қарши давлат университети талабалари билан учрашди. Педагогика, психология, хорижий тиллар ва мактабгача таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар билан кечган самимий мулоқотда соҳада кечаётган ислоҳотлар, битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида сўз юритилди.

Вазирнинг таъкидлашича, айни пайтда вилоят мактабгача таълим тизимида 500 дан ортиқ ваканциялар мавжуд. Бу ваканциялар учун мазкур таълим даргоҳида таҳсил олаётган мутахассиларни жалб этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш тизим ривожи учун муҳим. Шунингдек, вазир истиқболли кадрлар сифатида олий таълим муассасаси битирувчиларини бўш иш ўринларига тўғридан-тўғри йўналтириш устувор мақсад ҳисобланишини таъкидлади.

Учрашувда Мактабгача таълим вазирлиги ва Қарши давлат университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Унга кўра, ўзаро манфаатли мавзулар бўйича маърузалар, учрашувлар ва семинарлар ўтказиш, талабалар стажировкаси ва амалиётини ташкил этиш учун доимий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, талабалар амалиёт ўташ жойида талабага масъул ходимни бириктириш, бунда бириктирилган ходим амалиётчи билан ишлаш кўникмасига эга бўлишини таъминлаш ва талабалар бандлигини таъминлашни мувофиқлаштириш мақсадида “Карьера марказлари”ни ташкил этиш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шу куни Қарши давлат университетида мактабгача таълим йўналиши битирувчилари учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, унда 102 нафар талабанинг иш берувчилар билан шартнома тузишига эришилди.

Моҳигул Қосимова,
ЎзА