Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, қуйидагилар Қашқадарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:
аҳоли орасида сурункали касалликларни эрта аниқлаш мақсадида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан профилактик кўриклар ва скрининг дастурлари кўламини кенгайтириш;
ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкологик ва бошқа касалликларнинг олдини олиш;
аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматларни яқинлаштириш, вилоят даражасида 40 турдаги ва туман даражасида 20 турдаги янги даволаш ва диагностика усулларини амалиётга жорий қилиш;
кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими сифатини ошириш, тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжни қондириш, жумладан, олис ва чекка ҳудудлардаги вакант ўринларни малакали кадрлар билан бутлаш;
аҳоли ва тиббиёт ташкилотларини сифатли ва хавфсиз дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш;
тиббиёттизимини рақамлаштириш.
Қарор билан:
2024-2026 йилларда Қашқадарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури;
2024-2026 йилларда Қашқадарё вилояти тиббиёт муассасаларини зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш дастури;
Қашқадарё вилояти тиббиёт муассасаларини компьютер техникаси ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш дастури тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича қуйидагиларни амалга оширади:
аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг ўзз соғлиги учун жавобгар эканлиги юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш;
ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, катталар ва кексалар учун тўғри овқатланиш, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўпламини яратиш;
аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун парҳез овқатланишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш;
мактабгача таълим ташкилотларида "Шахсий гигиена ва жисмоний тарбия асослари" машғулотларини, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув режаларига "Саломатлик сабоқлари" мавзуларини киритиш орқали болаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ҳосил қилиш;
соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича махсус туркум дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш.
Бунда, соғлом турмуш тарзининг аҳамияти, дори воситаларини ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситаларини қўллашга оид махсус кўрсатувлар, ижтимоий рекламалар ва роликларнинг мунтазам намойиши йўлга қўйилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари:
а) 2024 йил 1 апрелга қадар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг барча тиббиёт бригадалари ходимларини аҳолининг хавф гуруҳини аниқлаш ҳамда уларни юрак-қон томир, қандли диабет ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скринингдан ўтказиш юзасидан малакаси оширилади.
Бунда, тегишли республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари тавсиялари асосида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти томонидан скрининг дастурларини амалга ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилади:
б) тиббиёт муассасаларидаги мавжуд вакант шифокор ўринларига тиббиёт олий таълим муассасаларининг битирувчи курс талабаларини ишга қабул қилиш бўйича жорий этилган тажриба-синов лойиҳаси 2024-2025 йилларда барча ҳудуддарда давом эттирилади;
в) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари учун Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 5 йил ишлаб бериш шарти билан алоҳида давлат буюртмаси жорий этилади.
2024 йил 1 майдан бошлаб Қашқадарё вилоятида онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаган тиббиёт бригадалари ҳар бир аниқланган ҳолат учун Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг мавжуд қувватлари доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё вилояти филиалининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган ўрин-жойлар сони 220 тадан 300 тага оширилади;
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли Қарши темир йўл шифохонасининг бино, иншоотлари, тиббий техника ва жиҳозлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё вилояти филиалига беғараз ўтказиб берилади.
Қарорда Қарши шаҳар туғуруқ комплекси ўрнида 200 ўрин-жойли янги туғуруқ комплексини қуриш ҳам белгиланган.
Бунда, янги туғуруқ комплекси:
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг техник топшириғига асосан хусусий тадбиркор томонидан замонавий талаблар асосида лойиҳалаштирилади, қурилади ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади;
қурилиш ишлари тўлиқ якунлангандан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги балансига ўтказиб берилади;
б) Қарши шаҳрида Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг мавжуд қувватлари доирасида 50 ўринга мўлжалланган отир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлар билан хасталанган беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи ҳудудлараро хоспис ташкил этилади.
Қувайт араб иқтисодий ривожланиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Қарши шаҳрида янги кўп тармоқли тиббиёт маркази, Бешкент шаҳрида янги шифохона қурилади.
Янги қуриладиган тиббиёт маркази ва шифохона концепциялари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бўйича бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган.
ЎзА