French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилоятида адаптив спортни ривожлантириш тажрибаси
12:08 / 2025-12-18

Президент ташаббуси билан мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш ҳамда адаптив спортни ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Шу йўналишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Қашқадарё вилоятидаги агентлик тасарруфида бўлган алоҳида таълим эҳтиёжлари мавжуд болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда “Мурувват” уйларига 33 турдаги жами 503 та спорт анжомлари топширилди. Ушбу спорт жиҳозлари ногиронлиги бўлган болалар ва ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, уларни адаптив спорт турларига кенг жалб этиш учун хизмат қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, спорт анжомлари билан таъминлаш нафақат соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, балки болаларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш, иродавий сифатларини мустаҳкамлаш ва ижтимоий мослашувини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад юртимизда янгидан-янги иқтидор соҳибларини кашф этиш, уларни профессионал спортга тайёрлаш ҳамда келгусида халқаро мусобақалар ва жаҳон ареналарида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни етиштиришдан иборат.

Адаптив спортни ривожлантиришга қаратилган бу ташаббуслар инсон қадрини улуғлаш, тенг имкониятлар яратиш ва ижтимоий адолатни таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири