Маълумки, давлатимиз раҳбари ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ҳар томонлама етук кадрлар қилиб тарбиялаш борасида олиб бораётган ислоҳотлари келажак авлод учун қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, унинг натижалари мамлакатимизни янада юксак марраларга кўтармоқда.
Президентимизнинг айни шу борадаги ислоҳотларининг ижроси сифатида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов вилоятнинг ҳар томонлама билимли ва салоҳиятли ёшларининг бир гуруҳи билан мулоқот қилди.

Учрашувда ёшлар билан бирма-бир суҳбат қилган вилоят раҳбари уларнинг ҳозирги кундаги фаолияти ва келгуси режалари билан танишиб, таклиф ҳамда фикрларига қулоқ тутди ва доимий қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.
***
Президентимиз ташаббуси билан “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида Қамаши туманида хайрия ифторлиги ташкил этилди. Тадбирда 500 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Хайрия дастурхони Қамаши туманидaги Жасмин тўйхонасида ёзилди. Унда кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар қатнашди.

Тадбирда Энергетика вазири, Қашқадарё вилояти ҳокими, Қамаши тумани ҳокими, меҳнат фахрийлари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этди.
Қуръон тиловати билан бошланган ифторлик дастурхонида йиғилганлар юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ҳамда баҳор мавсумида ҳосилга барака тилаб дуо қилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга Рамазон совғалари топширилди. Мазкур хайрия акцияси ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда жамиятда меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишларнинг амалий ифодаси бўлди.
***
Қамаши тумани марказида тадбиркор Адҳам Эгамбердиев томонидан замонавий “SAAD” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. 5 миллиард сўм инвестиция эвазига барпо этилган ушбу лойиҳа 10 нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминланишига хизмат қилди.
Тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов ҳам иштирок этди.

“SAAD” меҳмонхонаси бир вақтнинг ўзида 28 нафаргача меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Меҳмонхона хизмат сафари билан келувчилар, оилавий меҳмонлар ҳамда ҳудудга ташриф буюраётган сайёҳлар учун барча зарур шароитларни тақдим этади.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қамаши тумани ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Инфратузилма объектлари янгиланиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш масканлари барпо этилмоқда. Меҳмонхонанинг ишга туширилиши эса ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, хизматлар бозори кўламини кенгайтириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлидаги навбатдаги амалий қадам бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири