Китоб туманида замонавий оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.
2025 йилда openbudget.uz порталига жойлаштирилган ташаббус ғолиб деб топилгач, тумандаги Сурум маҳалласида бунёдкорлик ишлари изчил ва кенг кўламда олиб борилди. Натижада маҳаллада замонавий 13-сонли оилавий поликлиника қад ростлаб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур тиббиёт муассасасининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбир давомида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, яратилган шарт-шароитлар ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида, умумий қиймати 2 миллиард сўмни ташкил этган мазкур лойиҳанинг 1,5 миллиард сўми “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Қолган қисми эса туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда маҳаллий ҳомийлар томонидан қопланди.


***
Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманида саноат соҳасида муҳим инвестицион лойиҳа ишга туширилди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Қашқадарёда фаолият юритаётган SAFCO LLC томонидан замонавий текстиль фабрикаси ва хотин-қизларни касбга ўргатиш маркази фойдаланишга топширилди.
Бу фабрикада трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 млн дона маҳсулотни ташкил этиб, уларнинг 50 фоизи экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.
Айни пайтда биринчи босқичда 30 нафардан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланди. Кейинги босқичларда яна 115 нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминланиши режалаштирилган.
Бу замонавий корхона ҳудуд саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.


***
Қарши шаҳрида жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари ЮНЕСКО ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамкорлигида матбуот котиблари учун “Стратегик коммуникациялар ва ахборотдан фойдаланиш имконияти” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистон, Испания ва украиналик халқаро ва миллий экспертлари матбуот хизматларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мавзуларда фикр алмашди.


Дастурнинг асосий мақсади фуқароларнинг халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқ ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда давлат муассасаларида стратегик коммуникацияларни такомиллаштиришдир. Ушбу ташаббус шаффофлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Унда таъкидланишича, давлат органларининг тезкор алоқаси ҳамда изчил қонунлар фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири