Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов яхна гўшти тайёрлаб, сотиш билан машҳур бўлган “Чиялим – ғурурим” деҳқон бозорида бўлиб, ташкилотлар раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.
Бозор ҳудудини кенгайтириш, рақамлаштириш ва зарур шароитлар яратиш бўйича таклифлар тингланди.
Маълумот ўрнида, Президентимиз 2025 йил вилоятга ташрифида Кўкдаладаги Чиял деҳқон бозори ҳудудида 50 га яқин тадбиркорлар Чиял яхнасини тайёрлаб, сотиши ва бу 100 йиллик анъанага айланганини таъкидлаган эди.


***
Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ Қарши шаҳрида аҳолини барқарор иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида “Чўлқувар” ва “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида янги қозонхона қуриш ҳамда иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида барпо этилаётган қозонхона ишга туширилиши натижасида мазкур маҳаллалар ҳудудида жойлашган 2 минг 300 та хонадонли 54 та кўп қаватли турар жой ҳамда 16 та ижтимоий соҳа объекти тўлиқ марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади. Жумладан, 2 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим ташкилоти ва 11 та маъмурий бинода иссиқлик таъминоти сезиларли даражада яхшиланади.
Қурилиш ишларини 2026 йил октябрь ойида якунлаб, объектни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шу муносабат билан Қарши шаҳар ҳокими Чўлқувар маҳалласида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишиб, лойиҳанинг сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.


***
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Миграция агентлиги ҳамда Хусусий бандлик агентликлари федерацияси ҳамкорлигида Қарши шаҳрида “Хорижда иш” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, ёшлар билан мулоқот қилди ҳамда чет тиллари ва касб-ҳунарни пухта эгаллаш орқали хорижда муносиб даромад топиш имкониятлари мавжудлигини таъкидлади.
Ярмаркада хорижда ишлаш истагида бўлган, ишсиз ва банд бўлмаган, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтган 2 мингдан ортиқ фуқаро қатнашди. Тадбирда тижорат банклари ҳамда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Хусусий бандлик агентликлари иштирокчиларга хориждаги иш ўринлари, меҳнат шароитлари, иш ҳақи миқдори ва талаблар юзасидан батафсил тушунтиришлар берди. Ярмарка доирасида Польша, Болгария, Германия, Латвия, Литва, Монголия, Жанубий Корея, Словакия, Голландия, Финляндия, Туркия, Хорватия, Исроил ва БАА каби 14 та давлатдаги 10 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.
Маълумот ўрнида, мазкур меҳнат ярмаркаси эртага Шаҳрисабз шаҳрида ҳам бўлиб ўтади. Шунингдек, Германия давлатида ишлаш истагида бўлган фуқаролар Қарши шаҳри Касбий кўникмалар марказига мурожаат қилиши мумкин.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири