Кўкдала туманида янги чавандозлар мактаби қурилиши режалаштирилмоқда.
Туманда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қашқадарё вилояти чавандозлар мактаби биноси лойиҳаси тайёрланмоқда.
Лойиҳа доирасида очиқ ва ёпиқ манежлар, отларни совитиш майдони, автомобиллар учун жой, от бинолари, ем-хашак омбори, камондан ўқ отиш майдонлари ҳамда буфет барпо этилиши кўзда тутилган.
Қурилиш ишлари жорий йилнинг январь ойидан бошланиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа қуриб битказилса, ҳудуддаги кўпкари ва от спорти мусобақаларини ҳам хавфсиз ҳамда қулай шароитлар асосида ушбу манежда бемалол ўтказиш мумкин бўлади.


***
Касби туманининг Жизза қишлоғида истиқомат қилувчи, 73 ёшни қаршилаган Тўра ҳожи Дониёров бугун ҳам меҳнат майдонида фаол. Нафақада бўлишига қарамай, самарали фаолият олиб бормоқда.
У раҳбарлик қилаётган “Тўра Асл Асали” сабзавотчилик фермер хўжалигида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Хусусан, отахон 10 сотих ерда барпо этилган иссиқхонада банан етиштиришни йўлга қўйган.
Икки йил аввал Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан олиб келинган 250 туп банан кўчати бугун мўл ҳосил бермоқда. Ўтган йили бананлар ҳосилга кириб, кўчатлар орасига экилган бодринг билан биргаликда яхши даромад келтирди. Ҳозирда иссиқхонада 1000 тупга яқин банан кўчати баравж ривожланмоқда.
Шунингдек, у яна 15 сотих ерда янги иссиқхона қуриб, лимон етиштиришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Фермер хўжалиги ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, парваришланмоқда.
Хўжаликда паррандачилик ҳам йўлга қўйилган. Яқинда 5 тоннадaн ортиқ товуқ гўшти маҳаллий бозорларга етказиб берилди. Ҳозирда 6 минг дона жўжа парваришланиб, уларнинг белгиланган вазнга етиши учун зарур шароитлар яратилган.
Тўра ҳожи Дониёров турмуш ўртоғи Зубайда ҳожи Сафарова билан бирга меҳнат ва ҳалол ризқдан баҳраманд бўлиб, эл-юрт эъзозида яшамоқда.


***
Қамаши туманидаги 23-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Отамуродова Гулойим Шерзод қизи дунёнинг нуфузли хорижий университетларига талабаликка тавсия этилди.
У Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Абитуриент тест маркази томонидан ташкил этилган имтиҳонда энг юқори балл тўплади.

Натижада Гулойим Жанубий Кореядаги Ёнсей университети, Малайзиянинг Сямэнь университети ҳамда Хитойнинг Сиан Шиёу университетига грант асосида ўқишга тавсия этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири