Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:47 / 2025-11-03

Қарши шаҳрида замонавий инфратузилмага эга янги спорт иншооти – “GYM X FITNESS” мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Чўлқувар маҳалласи ҳудудида “SARBON LTD” МЧЖ томонидан қурилган ушбу спорт мажмуаси қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, замонавий талабларга тўла мос. Иншоотда 105 турдаги спорт тренажёрлари ўрнатилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 105 нафар фуқаро соғломлаштириш машғулотлари билан шуғулланиши мумкин. Лойиҳа доирасида 10 та янги иш ўрни яратилган.

Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Ўзбекистон бодибилдинг ва фитнес федерацияси президенти Ҳабибулло Низомов, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар ҳамда фуқаролар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, бундай замонавий спорт масканлари ёшларни спортга кенг жалб этиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юртдошларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. Ташриф буюрганлар мажмуада яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ундаги замонавий жиҳозлар ва қулайликларни юксак баҳолади.

***

Қарши тумани “Батош” МФЙда туман ҳокимлиги ва “Туронбанк” АТБ ҳамкорлигида “Лимон сайли” номли кўргазмали семинар бўлиб ўтди. 

Тадбирда вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Улуғбек Узаков, туман ҳокими Зоир Аликулов, шунингдек, Илмий синов ва сифат назорати Давлат муассасаси вакиллари иштирок этди. 

Семинар доирасида иштирокчилар лимончиликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди, маҳсулот экспорти бўйича фикр алмашилди, қишлоқ хўжалиги фанлари докторларидан амалий тавсиялар олинди. 

Шунингдек, @uzbek_limoni Телеграм гуруҳи ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу ерда лимончилар мутахассислар билан мулоқот қилиш, кўчат етиштиришдаги янгиликлар билан танишиш имкониятига эга бўлади. 

Тадбир якунида эса иштирокчилар тумандаги намунавий иссиқхоналарни кўздан кечириб, ўзаро тажриба алмашди. 

***

Қамаши тумани ҳокими Хуршид Усмонов Жанубий Кореядан ташриф буюрган инвестор жаноб IK Tea билан учрашув ўтказди.

Маълумки, томонлар ўртасида дастлабки мулоқот аввалроқ онлайн форматда ташкил этилган ҳамда ноябрь ойида юзма-юз учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришилган эди. Ушбу амалий учрашув ана шу келишувнинг мантиқий давоми бўлди.

Музокаралар давомида Жанубий Кореялик инвесторлар Қамаши туманида интенсив усулда шафтоли етиштириш лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 30 гектар майдонда боғ барпо этиш, замонавий агротехнологиялар асосида парвариш ишларини ташкил этиш режалаштирилган. Ташаббус амалга оширилса, маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари ҳам яратилади.

Учрашувда туман ҳокими меҳмонларга ҳудудда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, мавжуд инфратузилма, аграр соҳадаги имкониятлар ҳақида маълумот берди. Қамаши туманида мева-сабзавотчилик, хусусан, боғдорчиликни ривожлантириш учун кенг шароитлар мавжудлиги таъкидланди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш борасида келишиб олди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири