English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
09:30 / 2025-10-07

Қарши шаҳрида тарихда илк бор катталар ўртасида спорт кураши бўйича Қашқадарё вилояти ҳокими соврини учун I-Халқаро “ҚАРШИ OPEN-2025” турнири старт олди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, спортчилар ва меҳмонларни қутлади. Ҳоким ўз сўзида мусобақанинг спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлаб, иштирокчилaргa омад ва зафарлар тилади.

Мазкур нуфузли мусобақада 300 нафардан зиëд спортчилар иштирок этмоқда. Турнир Халқаро спорт курашлари федерацияси талаблари асосида ташкил этилган.

Айни пайтда гиламда юнон-рум кураши йўналишида баҳслар давом этмоқда. Эртага эса мусобақалар эркин кураш бўйича эркаклар ва аëллар ўртасида давом эттирилади. Турнир давомида спортчилар ғалаба сари интилиш, матонат ва маҳоратларини намойиш этади.

***

Президентимизнинг тегишли фармони ижроси доирасида Қашқадарё вилоятида пенсия тўловларини замонавий усуллар орқали амалга ошириш тизими жорий этилди. 

Эндиликда пенсия олувчилар ўз шахсини Face ID (юзни аниқлаш) тизими орқали тасдиқлаб, тўловларини ҳеч қандай ортиқча ҳужжатсиз, тез ва қулай тарзда олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Мазкур тизим жорий этилиши пенсия тўловларида шаффофликни таъминлаш, сохта ҳужжатлар ва воситачиликка барҳам бериш, шунингдек, фуқаролар учун максимал қулайлик яратишга хизмат қилади.

***

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 2-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Жанубий Кореянинг “Иксан” Корейс халқ чолғулар оркестри жамоаси ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасида ушбу оркестр жамоаси Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюрди.

Ушбу ташриф ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқ ўртасидаги маданий алмашинувни ривожлантириш ҳамда болаларнинг мусиқа соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бир қаторда болалар мусиқа ва санъат мактабларида бўлган меҳмонлар, таълим жараёнлари ҳамда иқтидорли ёшлар билан учрашди, уларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Мақом музейида бўлган қизғин учрашувдан сўнг Маданият бошқармаси бошлиғи Исоқ Тўраев ҳамда Кореянинг “Иксан” Корейс халқ чолғулар оркестри жамоаси раҳбари Оҳ Сукшин бошчилигида конференция бўлиб ўтди.

Амир Темур хиёбонида Кореянинг “Иксан” Корейс халқ чолғулар оркестри жамоаси ўзининг ёрқин лаҳзаларга бой бўлган концерт дастурини намойиш этди.

Ўлмас Баротов, ЎзА