Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:17 / 2025-09-18

Россияда хизмат кўрсатувчи “GARNET TEAM” МЧЖ раҳбари ва ходимлари Қарши шаҳрида бўлиб, ташриф доирасида қатор олий таълим муассасаларига борди.

Хусусан, Ахборот технологиялари ва менежменти, Халқаро инновацион ҳамда Турон университетларида бўлиб, иқтидорли ёшлар билан мулоқотлар ташкил этилди.

Ушбу ташриф доирасида талабаларнинг имкониятлари ўрганилиб, Россия компанияси билан ҳамкорликда Call-марказ хизматини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

***

Қашқадарёда немис таълим стандартлари жорий этилган техникумлар сони 6 тага етди.

2025-2026 ўқув йилида вилоятнинг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, шунингдек, Косон, Чироқчи ва Ғузор туманларида жойлашган 6 та техникумда Германиянинг Лейпциг шаҳри Ҳунармандчилик палатаси ҳамда “Avestos” компанияси билан ҳамкорликда тўлиқ немис таълим стандартларига асосланган касбий таълим тизими жорий этилди.

“Avestos” компанияси раҳбари Миксел Клаус бошчилигидаги делегация мазкур таълим муассасаларига ташриф буюриб, техникумларда немис стандартлари асосида таълим бериш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномаларни тантанали равишда топширди.

Вилоятимизда жорий этилган “Ausbildung” тизими орқали таҳсил олаётган ўқувчилар немис таълим стандартлари асосида касбий билим ва кўникмаларни эгаллаб, малакали мутахассис сифатида Германияда ишлаш имкониятига эга бўлади.

***

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан кеча Президентимиз таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳига давлат мукофотларини топшириб, педагоглар билан мулоқот қилди. 

Қашқадарёда ҳам вилоят ҳокими Муротжон Азимов томонидан Президентимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлган соҳа фидойиларига давлат мукофотлари топширилди.

Шунингдек, вилоятнинг энг фаол ва таълим соҳасида улкан натижаларга эришиб келаётган ҳамда фидокорона хизматлари билан элда ҳурмат топган устозлар учун байрам дастури ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими яна бир бор уларни байрам билан табриклаб, 20 нафар устоз ва мураббийларга фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғаларни топширган бўлса, 2 нафар мактаб директорларига эса битирувчилари ОТМга кириш бўйича юқори натижага эришгани учун хорижга саёҳат йўлланмаларини тақдим этди.

Байрам дастури гўзал куй-қўшиқлар билан давом этди. 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири