Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида Президентимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар натижасида кўплаб ишбилармонлар янги лойиҳаларга қўл урмоқда. Бу нафақат тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтиришга, балки аҳолининг бандлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Хусусан, Муборак туманида фаолият юритаётган тадбиркор аёл Нодира Бердиева томонидан “Қандолатчилик цехи”, “Фитнесс Клуб” ва “Биолаборатория” хонасини ўз ичига олган “Чимён Экспресс” МЧЖ тадбиркорлик маркази ишга туширилган эди.
Аммо бу билан чекланиб қолмаган ишбилармон аёл ҳозирда қиймати 4 миллиард сўмлик янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Давлат активлари савдосидан бўш ер майдонини харид қилиб, мазкур ҳудудда йилига 1 миллион дона гул етиштиришни режалаштирмоқда.
Айни пайтда у 20 нафардан ортиқ хотин-қизни иш билан таъминланган бўлса, келгусида бу кўрсаткични 100 нафардан зиёдга етказишни режа қилмоқда.


***
Вилоятнинг Нишон туманида Олтиариқ тажрибаси асосида саноатлаштирилган токзорлар барпо этилиши аграр соҳа ривожи ва янги бозор механизмларининг жорий этилиши учун муҳим қадам ҳисобланади. Бундай лойиҳалар қишлоқ хўжалигини самарали ва даромадли соҳалардан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Бу ташаббус доирасида 5000 туп узум кўчати олиб келиниб, 5 гектар майдонга экиш ишлари бошлаб юборилди.
Маълумотларга кўра, экилган узум кўчатлари 1 йил ичида ҳосилга кириб, ҳар гектардан 50 тоннадан ортиқ ҳосил олиниши мумкин.


***
Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фозилжон Сиддиқов ва Қарши магистраль каналлардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Илҳом Қурбонов иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги сув хўжалиги тизим ташкилотларида меҳнат қилаётган 120 нафар ёш мутахассислар ҳамда узоқ йиллардан бери ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган раҳбар ва фахрий сувчилар иштирок этди. Унда ташаббускор ва фаол ёшлар сўзга чиқиб, сув хўжалиги тизимини янада ривожлантириш борасида ўз таклиф, ғояларини ўртага ташлади.
Иштирокчиларга Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан китоблар тўплами тақдим этилди.


Тадбир “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Яшил белбоғ” акцияси билан янада мазмунли давом этди. Раҳбар ва ёш сувчилар биргаликда “Ёш сувчилар боғи”ни ташкил этиш мақсадида 200 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири