Бугунги кунда юртимизда, хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам IT соҳасига катта эътибор қаратилиб, воҳамиз ёшлари учун кўплаб шароит ва имкониятлар яратилмоқда.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов вилоятга ташриф буюриб, жараёнларни кўздан кечирди. Ёшлар билан учрашди.


Ташриф давомида хизмат кўрсатиш ва фаолият турларини янада кенгайтириш бўйича таклифлар берилди.
***
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаб ўқувчилари ўртасида “Заковат” турнирида ғолиблар аниқланди.

Муросасиз рақобат остида ўтган мусобақа якунида Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби жамоаси ғолиб бўлди.
Маълумот ўрнида ғолиб жамоа аъзолари ҳисобланган ўқувчиларнинг ҳар бирига бир ўқув йили давомида ҳар ой “Заковат” стипендияси тўлаб борилади. Шунингдек, ушбу жамоалар аъзолари олий таълим муассасаларига базавий тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.
***
Яккабоғлик фидойи Абдинаби Ғиёсов томонидан қуриб битказилган қарийб 40 миллиард сўмлик “Яккабоғ Эко Сити” савдо мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Муротжон Азимов таъкидлашича, мажмуа 600 та савдо расталари, 120 дан ошиқ савдо дўконлари, болалар, ёшлар учун кўнгилочар масканларни ўз ичига олган. 700 та иш ўрни яратилган.

Очилиш маросимида элимиз севган санъаткор ва қизиқчилар иштирокида концерт дастури ҳам ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири