Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:21 / 2024-09-17

Германия Федератив Республикаси Канцлери Олаф Шольцнинг мамлакатимизга расмий ташрифи муносабати билан Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари ўртасида ўтказилган давра суҳбатида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги масъуллари ҳам иштирок этди.

Ишбилармонлар билан кечган мулоқотда Германиянинг “Klett Group” компанияси директори Филипп Хаусманн ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида вилоятда немис тилига ихтисослашган хусусий боғча ва мактаб ташкил қилиш ҳамда ўрта бўғин ҳамшираларини немис тилига ўқитиб, Германияда ишлаш учун имконият яратиш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари имзоланди. 

*** 

Қамаши тумани Фарғона ҳудудидаги “Элмурод Саттор” фермер хўжалигида ғалла экиш мавсуми бошланиши муносабати билан семинар ўтказилди. 

Бошоқли дон экиш ишларини бошлаш, навлар бўйича жойлаштириш, дон экиш агрегатларини шай ҳолатга келтириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ишлари юзасидан тавсиялар берилди. 

Маълумот ўрнида, 2025 йилги ҳосил учун туманда 10 минг 450 гектар майдонда буғдой экилади. Шундан 1 минг 750 гектар очиқ майдонга ва 8 минг 700 гектар ғўза қатор ораларига экилади. 

*** 

Китоб марказидаги “Китоб” 35/10 КВ нимстанциясидаги 10 минг кВа қувватли трансформатор ўрнига 25 минг кВа трансформаторни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. 

Шунингдек, Косондаги “Сурхон” 110/35/10 кВ ли нимстанциясининг юклама билан ишлаб турган қуввати 6,3 мВа бўлган Т-1 куч трансформатори куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш доирасида қуввати 16 мВа бўлган куч трансформаторига алмаштирилмоқда. 

Бундан ташқари, аввалроқ “Шаҳрисабз” 110/35/10 кВ нимстанциясида эски Т-1-25 000 кВа трансформатори янги 40 000 кВа трансформаторга, Ғузор 110/10 кВ нимстанциясида эски Т-1-10 000 кВа трансформатори янги 25 000 кВа трансформаторга ва Кўкдаладаги “Еттитом” нимтанциясининг қувватини ошириш учун Хитойдан олиб келинган 2 та, ҳар бирининг қуввати 40 мВа бўлган трансформаторлар 10 мВа ва 16 мВа бўлган куч трансформаторларига алмаштирилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири