Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасанов озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида экилган сабзавот маҳсулотларининг айни пайтдаги ҳолатини ўрганди.
Тумандаги Халқобод маҳалласида 20 гектар майдонга 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, помидор экилган эди. Бугун ушбу ҳосиллар ўзининг фойдасини бера бошлади.

– Бир кунда 3-3,5 миллион сўмлик помидор сотяпмиз, – дейди Халқобод маҳалласида яшовчи Наргиза Шукурова. – Икки ўғлим 40 сотихдан 80 сотих жойга помидор экди. Ўтган йили даромадидан “Damas” автомобилини сотиб олдик. Бу йил эса уй қуряпмиз.
Туман ҳокими помидор етиштириш ҳадисини яхши ўзлаштирган халқободлик деҳқонлар билан учрашиб, келгусида енгил конструкцияли замонавий савдо растаси қуриш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтди.

***
БААнинг “Masdar” компанияси вакиллари қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 Мвт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими барпо этиш юзасидан Қамаши туманида учрашув ўтказди.
Учрашувда қурилиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан маълумот берилди.


***
Янги ўқув йилининг дастлабки кунларини Қарши давлат университети филология факультети 10-сонли талабалар турар жойида яшайдиган ёшлар қувончли янгилик билан қарши олди.

Гап шундаки, университет раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан қисқа фурсат ичида бунёд этилган 60 ўринли ошхона фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган очилиш маросимида сўз олганлар замонавий жиҳозлар билан таъминланган мазкур шинам ошхона талабалар эҳтиёжини тўлиқ қондиришини эътироф этди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири