Косон тумани марказидаги марказий деҳқон озиқ-овқат бозори ва унга туташ буюм бозорлари ташқарисидаги ноқонуний савдо ишлари тўхтатилиб, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, йўлак ва автотураргоҳлар барпо этилмоқда.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги раҳбарлар мазкур марказий бозорга ташриф буюриб, бозор атрофини ободонлаштириш бўйича масъуллар томонидан режалаштирилган лойиҳалар билан танишди. Вилоят ҳокими бозор ҳудудини тўлиқ айланиб чиқиб, шароитларни кўздан кечирди. Тадбиркорлар ва бозор мижозлари билан мулоқот қилди.



Вилоят раҳбарининг айтишича, аввал ноқонуний эгаллаб олинган йўллар атрофи ободонлаштирилади. Автотураргоҳлар ташкил этилиб, тартиб-интизом ўрнатилади. Ҳозир бозорлар ташқарисида кенг кўламли қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, Муротжон Азимов масъуллар иштирокида туман марказий кўчаларини айланиб, ҳудудни янада чиройли ва кўркам қилиш, яшилликка буркаш бўйича бир қатор таклифларини берди.
***
Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Қамаши тумани Чим маҳалласидаги ҳоким ёрдачисининг кўмаги билан тадбиркорлигини йўлга қўйган “Жамшид оилавий корхонаси” (эшик ва ромлар ишлаб чиқариш цехи) ҳамда “Исломбек оилавий корхонаси” (автомобилларга техник хизмат кўрсатиш) фаолияти билан яқиндан танишди.
Ҳозирги кунда уста ҳунармандларнинг 5 нафардан шогирдлари бўлиб, ойлик даромади 80 миллион сўмдан ошмоқда.
“Исломбек оилавий корхонаси” раҳбари Исломбек Хушвақтов ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида зарур техникалар хариди учун амалий ёрдам сўради.
Унга Президентимизнинг тегишли қарорига асосан 100 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.
***
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан вилоят мусиқали драма театрида “Янги Ўзбекистон фидойиси” илмий-услубий қўлланмаси тақдимоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги, имом-хатиблар, ҳожилар, зиёлилар, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.


Қайд этиш жоиз, қўлланма Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан тарғиботчи ҳожиларни касб ва ёш хусусиятларидан келиб чиқиб, аҳоли ўртасида ишсизликни йўқотиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёт ғояларга қарши курашиш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича ижтимоий фойдали, савобли ишларга сафарбар қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири