Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов ва туман прокурори Лазиз Ҳамраев ташаббуси билан чекка қишлоқларда контейнердан тиббиёт масканлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай тиббиёт масканларидан бири туманнинг “Усмон Юсупов” маҳалла фуқаролар йиғини “Бешқўтон” қишлоғида иш бошлади. Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш мақсадида Деҳқонобод тажрибаси сифатида контейнердан қулай жиҳозланган тиббиёт пункт ташкил этилди.


Маълум қилинишича, Бешқўтон қишлоғи оилавий шифокорлик пунктидан 6 километр узоқликдаги масофада жойлашган бўлиб 876 та хонадонда 3892 нафар аҳоли истиқомат қилади. “Болаларни эмлаш ва тиббий кўрикдан ўтиш учун қишнинг совуқ кунларида узоқ масофани босиб ўтиш аҳолига ноқулайлик туғдираётган эди. Шу сабаб шундай кўринишдаги тиббиёт маскани ташкил этилди. Ҳозирда бу ерда 3 нафар патронаж ҳамшира фаолият юритмоқда. Ҳафтанинг ҳар бир кунида малакали врачлар томонидан қабул ташкил этилади, – дейди туман ТТБ бошлиғи Шавкат Амиров.
***
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг қарори билан, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида ҳар бир маҳаллада “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, “Кекса авлод учрашувлари” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, вилоят телерадиокомпанияси ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан биргаликда “Ёшлар нуронийлар эътиборида” рукни остида туркум кўрсатувлар тайёрланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали иш фаолияти натижаларига кўра, етакчиларни Миллий кадрлар захирасига киритиш, икки йиллик меҳнат фаолияти натижаларига кўра етакчиларнинг лавозимини ошириш юзасидан вилоят ҳокимига таклиф бериш ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар етакчилар учун янги жорий этилаётган тизимнинг туб моҳияти ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш вазифалари юкланди.
Етакчилар учун қулай шароитга эга бўлган хизмат хоналари ва моддий-техник жиҳозлар, “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига уланган, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференцалоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар билан таъминланади. Ушбу мақсадларда ажратилиши лозим бўлган маблағлар вилоят, туман (шаҳар) бюджетининг қўшимча даромад ва иқтисод қилинадиган маблағлари доирасида ажратилади.
***
Қарши шаҳридаги “Арабхона” маҳалласида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида бошланган 2 қаватли 50 ўринли оилавий поликлиника биноси қурилиши давом этмоқда.

Шаҳар ҳокими ўринбосари Ғайрат Султонов қурилиш ишлари билан танишиб, пудратчи ташкилот вакиллари билан учрашди. Ҳозирда пудратчи ташкилот томонидан 80 фоиз қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбир