Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
18:20 / 2021-12-23

44 нафар элчи Қашқадарё келди.

Ташриф доирасида Қашқадарёнинг инвестиция, туристик салоҳияти тўлалигича таништирилади, йирик тадбиркорлик субъектлари ҳамда зиёрат туризми масканларига 2 кунлик сафар уюштирилади.

Юртимизнинг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари вакиллари ташрифни Абул Мўйин Насафий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.

Уларнинг сафида БМТ ва ЮНEСКО ваколатхоналарининг вакиллари ҳам бор.

* * *

Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят маънавият ва маърифат кенгаши раиси соврини учун Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Энг фаол китобхон талаба» танлови ўтказилди.

Иштирокчилар тезкор савол-жавоб ҳамда парча олинган асар номини топиш ва шарҳлаш орқали ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари бўйича билимларини намоён этди.

Қарши давлат университетининг Педагогика институти талабаси Сарвар Раззоқов 1-ўринни қўлга киритди. Қарши давлат университети талабаси Нозима Умарова ҳамда «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети» Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти талабаси Ҳулкар Исомиддинова иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.

Тақдирлаш маросими Янги йил байрами арафасида бўлиб ўтади. 1-ўрин соҳибига моноблок, 2-ўринни олган иштирокчига 50 та китоб ва 3-ўринни қўлга киритган талабага 30 та китоб тақдим қилинади.

* * *

Жорий йил 8-12 декабрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида универсал жанг спорт тури бўйича жаҳон чемпионати мусобақаси ўтказилди.

Унда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги қарори билан чемпионатга қатнашиш харажатлари қоплаб берилган Шаҳрисабз туманилик Жўрабек Қобилов 85 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, 3-ўринни эгаллади.

Вилоят ҳокими жаҳон чемпионатида ғалаба билан қайтган спортчи билан учрашиб, кейинги жангларида ҳам юртимизга фақат ғалабалар билан келишига тилак билдирди.

* * *

Касбида Янги йил арафасида арзонлаштирилган ярмарка ташкил этилди.

Ўлкамизда Янги йил байрами тобора яқинлашмоқда. Янги йил оила даврасида, тўкин дастурхон атрофида нишонланадиган ажойиб байрамлардан биридир. Байрам арафасида туман марказидаги «Касби озиқ-овқат деҳқон бозори»да халқимиз дастурхони учун  арзон ва сифатли маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмарка 5 январга қадар давом этади.

* * *

Деҳқонобод туманининг Гумбулоқ маҳалласида «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида қуриб битказилган тиббиёт пункти иш бошлади.

Мазкур тиббиёт маскани вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати Инжиниринг компанияси буюртмачилигида Отабек Эргашев раҳбарлигидаги «Бобурбек Нодирбек сифат қурилиш» хусусий корхонаси томонидан 381 миллион 200 минг сўм маблағ эвазига қуриб битказилган.

Аҳамиятлиси мазкур тиббиёт пункти енгил конструкцияли сендвич панеллар ёрдамида қурилган бўлиб, қишда иссиқ ёзда эса салқин бўлади.

* * *

Ғузорда депутат ҳомийлигида 12 нафар эҳтиёжманд оила фарзандларининг хатна тўйи ўтказилди.

Тумандаги «Атланта» тўйхонасида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбари Эркин Пардаев томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг 12 нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказилди.

Унда туман ҳокими Бекзод Суюнов иштирок этиб, тўй болалар юртимиз тараққиётига ҳиссасини қўшадиган муносиб фарзанд бўлиб вояга етишини тилади.

Шундан сўнг, тўй болаларга туман ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА