Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти: номоддий маданий меросни асраш – муҳим вазифа
17:13 / 2022-01-25

Давлат ижтимоий буюртма лойиҳаси амалда

Йиллар ўтган сари маданиятлар ўзгариб боради, шунга ҳамоҳанг номоддий маданий мерос ҳам сайқалланади. Халқимизнинг бой моддий ва номоддий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва авлодлардан-авлодларга етказиш муҳим вазифа ҳисобланади. “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази фаолияти бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмасига асосан марказ томонидан «Ўзбекистон номоддий маданий мерос элементларини муҳофаза қилиш» ижтимоий буюртма лойиҳаси доирасида ташкил этилган экспедиция ҳам жойлардаги номоддий маданий меросни ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур лойиҳа доирасида уч йўналиш – ҳунармандчилик, ижро санъати ва пазандачилик анъаналарини давом эттириб келаётган юртдошларимиз ишлари ўрганилди.

Экспедициянинг Қашқадарё вилоятидаги ўрганишлари жуда самарали бўлди. Жумладан, номоддий маданий меросни асраб келаётган юртдошларимиз фаолияти билан яқиндан танишилди. Номоддий маданий мерос элементлари видео, фото ва аудио тасмаларга муҳрланди, матнли маълумотлар тайёрланди.

Шаҳрисабз шаҳар “Чорсу” ҳунармандлар марказида гиламдўз ҳунармандлар билан бирга “Маржона” фольклор этнографик халқ ансамбли ва “Бахтли болалик” намунали болалар мақом ансамбллари фаолият юритади. Экспедиция аъзоларига ҳунармандчилик устахонасида қуроқ кўрпа, попопдўзлик, чопончилик, гиламчилик, гилам ипларини тайёрлаш билан шуғулланаётган ҳунармандлар фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Ҳунар сир-асрорлари, шогирдлар тайёрлаш, ҳунармандчилик намуналарини асраш мавзуларида ўтказилган суҳбатлар жуда мароқли бўлди.

Шаҳрисабзлик гиламдўз Зумрад Меликова ёшлигидан ушбу ҳунарни ўрганган. Узоқ йиллардан буён оилавий гиламчилик билан шуғулланиб келаётган ҳунарманд гиламдўзларнинг учинчи сулола вакилидир. Онасини илк устози деб биладиган Зумрадхоннинг тароқ ва қайчи ёрдамида гилам нусхаларини маҳорат билан тўқиши кишининг ҳайратини оширади. Унинг “Наврўз”, “Ойча”, “Қиз гилам”, “Коса гул”, “Самовар нусха”, “Гумбаз” каби ишлари нафислиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради.

– Ёшлигимдан гилам цехида опам билан ишлаб келаман, – дейди яна бир ҳунарманд гиламдўз Зебинисо Абдуллаева. – Буюртма асосида “Араби гилам”, “Бегзод”, “Ғунча”, “Нақшбанд”, “Гумбаз”, “Самовар” нусхали ҳар хил ҳажмдаги гиламларни тўқиймиз. Битта гилам агар гуллари қийин нусха бўлса бир ой, содда нусхали бўлса икки ҳафтада тайёр бўлади. Бугунги кунда кўплаб шогирдларимиз бор. Устозим, опам Зухра Абдуллаева 73 ёшни қаршилади. Худога шукур ҳали тетик, ишлашдан чарчамайди. Шогирдлар тайёрлашни жуда хуш кўради. У доимо бир сўзни такрорлайди: “Бу қадим анъаналарни ёш авлодга ўргатиш керак, токи улар ҳам кейинги авлодларга етказсин. Шунда бизнинг ишларимиз давом этади”.

Гулнора Чориева 30 йилдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланиб келади. Унинг айтишича, азалдан чорвачилик ривожланган тоғли жойларда қўй юнгидан гилам тўқилган. Бу ишни асосан аёллар бажарган. Табиий юнгдан тўқилган гиламлар жуда мустаҳкам, соғлик учун фойдали ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ҳайвонлар юнги қўлда йигирилиб, ғўзапоя ёқилган кул сувига аралаштириб уч кун сақланади. Кейин табиий рангларга бўялади. Гиламдўзлар замонавий ускуналар бўлса ҳам ипни қўлда йигириб сўнг ишлатилса мустаҳкам бўлади, деб ҳисоблайди. Ҳунармандлар табиий ранглар – руян, анор пўстлоғи, пиёз пўстлоғи, ўсма кабиларни аввал офтобда қуритиб, сўнг ундан ипларни бўяшда фойдаланади. Айни вақтда ҳунарманд “Тикувчи Анорагул” хусусий корхонасини ташкил этиб гилам тўқиш, каштадўзлик, миллий либосларни тикиш билан шуғулланаётир

Қашқадарёнинг ўзига хос каштачилик мактаби ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Ойжамол Саттарова Шаҳрисабз тумани Шаматон маҳалласида яшайди. 50 йилдан буён каштачилик билан шуғулланади. Икки юздан ортиқ шогирдларнинг севимли устози. Неваралари, келинлари, қизлари ҳам каштадўз. Бу каштачилик бундан кейин ҳам ривожланиб, келгуси авлодларга базавол етиб боришидан далолат беради.

– Онам кашта тикканида ёнларида ўтириб ҳунар сирларини ўрганганман, – дейди Ойжамол Саттарова. – Ипакларни ранг-баранги топилмас эди, рангларини пилла боқиб, пишириб, чиройли ранг бўлгунча тозалаб, урчуғлаб, ништохорлаб, ранглаб то кашта тикадиган ип ҳолига олиб келгунча етти қўлдан ўтказар эдик. Кейин тикардик. Ҳозир ҳам рангларни тополмай қолсак, ёнғоқ баргидан, пиёз, анор пўстидан ранглар олишга ҳаракат қиламиз.

Саодат Мусаева Шаҳрисабзнинг қўли гул ироқи каштачиларидан бири ҳисобланади. Майин ипак тикиш технологияси бўлган бу қўл иши жуда майда иш. У санаб тикилгани боис кишидан сабр-қаноат талаб этади. Бу ишнинг машаққатини ҳунармандлар жуда яхши билишади.

Ҳунарманд, каштачи Юлдуз Мамадиёрованинг асли касби француз тили ўқитувчиси. У ташкил этган марказнинг “Шаҳрисабз қўл ишлари” гуруҳида хотин-қизлар ҳунар сирларини ўрганса, хорижий тилларни ўқитиш тўгаракларида ёшлар таълим олади. Тадбиркор аёл дастлаб АҚШ томонидан эълон қилинган танловда, сўнг Евроосиё фондидан грант ютиб олган. Грант маблағлари эвазига марказ фаолиятини янада кенгайтирган. Ҳозирда 4 цехда – каштачилик, гиламчилик, попопчилик ва тикувчилик йўналишларида самарали фаолият олиб борилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида «Бахтли болалик» намунавий болалар мақом ансамбли ҳам экспертларнинг диққат-марказида бўлди. Бу ансамбль болаларнинг истеъдодини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Ансамбль раҳбари “Эл-юрт ҳурмати”, «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби Элмурод Боймуродов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимидир.

Ушбу ансамбль 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, қатнашувчилар «Бузрук», «Наво», «Дугоҳ», «Ироқ», «Рост» мақомлари, мумтоз қўшиқларни ўрганиб келади. “Маржона” фолклор-этнографик халқ ҳаваскорлик ансамбли эса 2016 йилда ташкил топган. Отабек Жалилов раҳбарлигидаги фольклор ансамблида аёллар, кичик ёшли ўғил-қизлар миллий рақс ва қўшиқларни ўрганади.

Қашқадарё вилоятида пазандачилик ҳадисини олганлар ҳам кўп. Хусусан, қамашилик опа-сингил Саломат ва София Менглиқуловалар 30 йилдан буён ошпазлик, новвойлик билан шуғулланади. Саломат Менглиқулова ҳозир 65 ёшда.

– Уч келиннинг иккитаси ошпазликни давом эттирди, бир ўғлим новвой, – дейди Саломат Менглиқулова. – Кичик ошхонамиз бор. Аввал рўзғоримизга иқтисодий ёрдам бўлиши учун иш бошлаган эдик. Кейинчалик пазандачилик сирларга бойлигини билдим. Шу боис ишимизни кенгайтирдик. Ҳозирги кунда вилоятимизга хос бўлган юпқа, қатлама, кўк сомса каби миллий таомларни тайёрлаймиз. Миллий таомлар ҳамиша харидоргир бўлган. Шунинг учун бу анъаналар авлоддан-авлодга ўтиб бораверади.

Лойиҳа доирасида ташкил этилган экспедиция аъзолари номоддий маданий меросни келгуси авлодларга борича етказиб бериш йўлида фидойилик кўрсатаётган инсонларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашди. Ўрганилган номоддий маданий мерос элементлари бўйича батафсил маълумотлар жамланди.

Маълумот учун, мазкур давлат ижтимоий буюртмаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант маблағи ҳисобидан молиялаштирилган.

Барно Мелиқулова, ЎзА