Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти: Хуш келдинг Наврўзи олам
12:37 / 2022-03-21

“Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” ғоя асосида ўтказилган байрам тадбири кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Қарши шаҳрида давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида нишонланган  байрам тадбирида Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов воҳа аҳолисини Наврўзи олам билан табриклади.  

Миллий ўзлигимизнинг кўзгуси бўлган Наврўз – шарқона янги йил дебочаси, серҳосиллик, қут барака, ризқ-рўз мўллигини ўзида мужассам этган, аҳоли турмуш тарзидаги бетакрор урф-одат ва анаъаналарни сингдирган севимли байрамдир. Байрам кунларида яқинларни йўқлаш, ёши улуғларнинг дуосини олиш, сайиллар ўтказиш, миллий таомлар тайёрлаб, тўкин дастурхон атрофида эзгу ниятлар қилиш урф бўлган.

[gallery-6249]

Наврўз – меҳр-муҳаббат байрами. Байрам муносабати билан эътиборга муҳтож, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган одамларнинг ёки бетоб ётганларнинг ҳолидан хабар олинади, уларга совға саломлар улашилади. Бу каби одатлар, қадриятлар инсонлар орасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаши баробарида, ўзаро бирдам бўлиш, бир-бирини суяш, асраб-авайлаш каби фазилатларни ҳам кўрсатади.

Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш билан яшаш ғояси илгари сурилмоқда. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсад-муддаоларимизнинг бош ўзаги бўлиб, халқимизни умумий мақсадлар йўлида бирлаштирмоқда. Бу янгиланишлар, ислоҳотлар жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккурини уйғотиб, беқиёс салоҳиятини намоён этмоқда. Жонажон Ўзбекистонимиз бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда.

Таъкидлаш лозимки, Президентимиз томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йил “Яшил бир йиллик” умуммиллий тадбир йили деб эълон қилинди. Мазкур кенг кўламли ва ибрат намунаси бўлган тадбир доирасида айни кунда вилоятнинг барча туман, шаҳар, маҳалла, кўчаларига 12,1 миллион туп ниҳоллар экилди. “Дарахт экиб, боғ яратамиз, юртимизни янада обод қиламиз”, деган эзгу шиор остида олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида ёшу кекса бирдек зўр қизиқиш ва кўтаринки кайфият билан иштирок этмоқда. Бугун экилган ниҳоллар қад ростлаб, мева беради, ён атрофга кўркамлик бахш этади, муқаддас Ватан боғини обод қилади.

Бугун ҳудудларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари томонидан янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилмоқда, аҳолининг дилида тугиб юрган орзу, истаклари уларнинг даъвати билан амалга оширилмоқда, лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Бу албатта, меҳнатсевар халқимизнинг кўнглидагидек иш бўлмоқда. Вилоятдаги 813 та маҳалла фуқаролар йиғинларида иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижрочиси, тарғиботчиси бўлмоқда.

Наврўз байрами ўз руҳи ва фалсафаси билан ҳаётимизга сингиб кетган. Борлиқни асраб-авайлаб, у билан уйғун яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, дўстлик, ҳамжиҳатлик сингари юксак ғояларни улуғлаши билан теран мазмун касб этади. Мамлакатимизда кенг кўламда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Тинч ва осуда юртга байрамлар ярашади. Тинчликни кўз қорачиғидек асрасак, кўзлаган марраларимизга албатта эришиб бораверамиз. Бугун дунё миқёсида глобаллашув жараёни кечаётган бир пайтда барчамиз теран англаяпмизки, ҳаёт ҳамиша ҳам бир текисда кечавермайди, синовлар, қийинчиликлар бизни янада бирлаштириб, янада жипс бўлиб меҳнат қилиш, тинчликни қадрлашга ўргатмоқда. Айни шу муаззам дамларда элимиз дилидаги, тилидаги муқаддас каломни айтамиз: жаҳонда тинчлик бўлсин!

Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.