Қашқадарё вилоятида “Ёшлар куни” муносабати билан навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда фаол, ташаббускор ёшлар иштирок этди.
Мазкур тадбир 24 февраль куни Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини “Ёшлар куни” сифатида белгилаш ва ёшлар билан очиқ мулоқотларни тизимли йўлга қўйиш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида ташкил этилди.
Очиқ, самимий руҳда ўтган учрашувда ёш стартапчи ва тадбиркорлар, сунъий интеллект йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар ҳамда ўқув марказлари раҳбарлари ўз таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этди. Мулоқот давомида ёшларнинг таълим, бандлик, тадбиркорлик ва ижтимоий масалаларга оид муаммолари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими сўзида ёшлар давлат сиёсатининг устувор йўналишида эканини таъкидлаб, улар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди. Ёшларнинг ҳар бир ташаббуси қўллаб-қувватланиши, мурожаатлар эса ечим топиши қайд этилди.
Учрашув якунида ёшлар томонидан билдирилган таклифлар асосида мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди ва уларнинг ижроси алоҳида назоратга олиниши белгиланди.
[gallery-27891]
Шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 нафар ёшга Ёшлар ишлари агентлиги тавсияси асосида 96 миллион 300 минг сўмдан 2 миллиард 600 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилди.
Бундан ташқари, олис ҳудудларда таълим инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 5 нафар ёшга ўқув марказлари ташкил этиш учун 130 миллион сўмлик ссуда ваучерлари топширилди.
Қайд этилганидек, бундай очиқ мулоқотлар вилоятнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда ва ҳар пайшанба куни мунтазам ўтказиб борилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари